Суд тизимини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади

17.09.2020 14:00

ТОШКЕНТ, 17 сентябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида бўлгани каби инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати сифатида адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш борасидаги ислоҳотлар ҳам изчил давом эттирилмоқда.

Ўтган давр мобайнида судлар фаолиятини ислоҳ қилиш борасида қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Бугунги кунда ҳам суд-ҳуқуқ тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда, фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чоралари кўрилмоқда. Одил судловни самарали таъминлаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда ва тегишли қарорлар қабул қилинмоқда.

Тошкент давлат юридик университетининг ?хтисослаштирилган филиали ўқитувчиси Пўлат Қобилов “Дунё” АА мухбирига суд-ҳуқуқ тизимидаги таркибий янгиланишлар, инсон манфаатларини таъминлаш бўйича соҳада жорий этилаётган инновацион ечимлар ҳақида қуйидагиларни сўзлаб берди.

– Мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясига  мувофиқ жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштиришнинг мутлақо янги устувор йўналишлари ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 14 майдаги қарори билан замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Суд-тергов фаолиятида «Электрон жиноят иши» ва «масофадан сўроқ қилиш» тизимларини жорий этишда ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни таъминлаш ушбу концепциянинг асосий йўналиш ва вазифаларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда судларда ишларни кўришда вазирлик ва идоралар ахборот тизимларининг ўзаро интеграциялашувини таъминлаш, судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турларини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Шуни таъкидлаш жоиз, ҳужжат билан 30 тага яқин давлат органи ва идоралари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суд ахборот тизимига босқичма-босқич улаш кўзда тутилган. Бу судлар фаолиятини ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ташкил қилишга қаратилгани билан аҳамиятли.

Қарор фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турлари кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш, суд мажлисларида масофадан туриб, мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, энг асосийси муайян судда кўрилган иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятларини яратишни назарда тутади.

Бундан ташқари жорий йилнинг якунига қадар суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобил дастурни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш, жазони ижро этиш муассасаларида махсус хоналарни маҳбусларнинг суд мажлисларида ва суд раҳбарияти қабулларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этишлари имконини берувчи ускуналар билан жиҳозлаш чораларини кўриш белгиланган.

2021 йилнинг 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш ва 2022 йил 1 январдан эса суд қарорларини иш бўйича томонларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш амалиёти жорий қилинади.

2022 йил 1 январдан бошлаб:

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;

манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;

суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш имконини берувчи «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий қилинади.

Хулоса қилиб айтганда, суд тизимини рақамлаштириш судларга жисмоний ва юридик шахсларни мурожаат қилишни янада енгиллаштириш ҳамда одил судлов самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, судлар фаолияти шаффофлиги ҳамда очиқлигини таъминлашга, судлар мустақиллигини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net