Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ҳиндистон компанияси билан давлат-хусусий шериклик асосида гемодиализ хизматларини кўрсатиш бўйича келишувга

20.01.2021 10:52

ТОШКЕНТ, 20 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги “Нефроплюс” (Ҳиндистон) компанияси билан давлат-хусусий шериклик асосида гемодиализ хизматларини кўрсатиш бўйича келишувга эришди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вазирлик маълумотига таяниб.

Бугунги кунда юртимизда барча гемодиализ хизматлари бюджет маблағлари ҳисобидан давлат тиббиёт муассасалари томонидан амалга оширилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ушбу йўналишдаги хорижий тажрибани ўрганиш натижасида кўп давлатларда бу хизматлар хусусий сектор билан ҳамкорликда кўрсатилиши аниқланди.

Шунингдек, вазирлик бир йил давомида халқаро экспертларни жалб этган ҳолда юртимизда гемодиализ хизматларининг сифати, уларни ташкил қилиш механизми, технологияси ва уларни жаҳон стандартларига олиб чиқиш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида ҳисобот тайёрлади. Натижада мамлакатимизнинг ҳудудларида энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган гемодиализ марказлари барпо этиш эҳтиёжи борлиги аниқланди.

— Бугунги келишув асосида Ҳиндистоннинг “Нефроплюс” компанияси беморларга гемодиализ муолажасини кўрсатиш соҳасида фаолият олиб боради, — деди соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов. — Давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириладиган лойиҳанинг қиймати 9,8 миллион долларга баҳоланган бўлиб, уни амалга оширишнинг биринчи босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Тошкент шаҳрида жами 4 та гемодиализ маркази қурилади ва замонавий тиббий жиҳозлар ҳамда малакали мутахассислар билан таъминланади.

Янги замонавий гемодиализ марказлари  халқаро стандартларга мос равишда қурилиб, 2022 йилнинг февраль ойида ишга туширилади. Лойиҳанинг иккинчи босқичида мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ҳудди шу жараёнларни давом эттириш режалаштирилган.

ДХШнинг шартларига кўра, “Нефроплюс” компанияси битим муддати тугаганидан сўнг (10 йилдан кейин) қурилган гемодиализ марказларини тиббий ускуна ва яратилган шароитлари билан Соғликни сақлаш вазирлигига  топширади.

Таъкидлаш лозимки,  ҳозирги кунгача вазирлик томонидан давлат-хусусий шериклик асосида 12 та лойиҳа имзоланди. Бугунги кунда тиббиёт йўналишида республика миқёсида амалга ошириладиган 14 та халқаро лойиҳа ҳамда 2 та йирик лойиҳа устида ишланмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net