Саудия хорижликлар учун Ҳаж зиёратини бекор қилди

23.06.2020 15:46

ТОШКЕНТ, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистони ҳукумати коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият сабаб жорий йил хорижликларнинг Ҳаж зиёратини амалга оширишига рухсат бермади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

 Ҳаж зиёратини Подшоҳликда бўлиб турган чекланган сонли мусулмонлар амалга ошириши мумкин. Бу ҳақда Саудия Арабистонининг Ҳаж ва Умра бўйича вазирлиги маълум қилди, деб қайд этилади Р?А “Новости” хабарида.

“Коронавирус пандемияси ва бу вируснинг кўп сонли инсонлар тўпланганда келтириб чиқариши мумкин бўлган хавфини инобатга олиб, ҳижрий 1441 йилда (2020 йил) Ҳаж зиёрати Подшоҳликда бўлиб турган чекланган сонли турли миллат вакиллари иштирокида амалга оширилади”, дейилган вазирлик хабарида.

Макка ҳудуди коронавирус билан касалланганлар сони ортиб бораётгани сабабли ҳамон мустақил ҳаракатланиш учун ёпиқ.

Саудия Арабистони араб давлатлари орасида коронавирусга чалиниш бўйича биринчи ўринда турибди. Мамлакатда 161 мингдан ортиқ инсонда вирус аниқланган. Пандемия бошланганидан буён 1 минг 307 киши вафот этган ва 105 минг киши соғайган.

Маълумот ўрнида, Саудия Арабистони ҳукумати коронавирус пандемияси туфайли жорий йил февраль ойи охирларида Умра зиёратчиларини қабул қилишни тўхтатиб қўйди. Ўзбекистонда Ҳаж зиёратига тайёргарлик ишлари апрель ойида тўхтатилганди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net