Саида Зуннунова асарлари Туркияда ўрганилмоқда

22.06.2020 15:45

АНҚАРА, 22 июнь. /“Дунё” АА/. Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистонда атоқли адиб Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланаётган шу кунларда Туркияда ҳам унинг адабий меросини ўрганиш бўйича қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда.

 Ҳозирги кунда Туркия адабиётсеварлари Саид Аҳмад билан биргаликда унинг рафиқаси, халқимизнинг севимли шоираси Саида Зуннунованинг ижодий меросига ҳам алоҳида қизиқиш билдирмоқда. Жумладан, Анқарада чоп этиладиган «Kardeş Kalemler» (“Қардош қаламлар”) адабий журналининг жорий йил июнь сонида шоиранинг ижоди ва ҳаётига бағишланган мақола чоп этилди. Ҳожи Байрам валий номидаги университетнинг (Анқара, Туркия) “Замонавий туркий тиллар ва адабиёт” кафедраси катта ўқитувчиси Вели Саваш Йелок муаллифлигидаги мақолада адибанинг синовларга тўла ҳаёти, шу билан бирга сермаҳсул ижодий фаолияти ҳақида эсланади.

Мақола муаллифи Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг хотираси ўзбек халқи қалбидан чуқур жой олганини таъкидлайди ва “Адиблар хиёбони”да улар ёди учун ўрнатилган ҳайкаллар ўзбек халқининг икки буюк адибга кўрсатган эҳтиромининг бир кўриниши” эканини эътироф этади.

Муаллиф устоз шоиранинг ижодига тўхталар экан, унинг кичик ҳикоя-ю, йирик асарларида халқимизнинг донишмандлиги, бағрикенглиги, жўмардлиги акс этганини қайд этади.

“Эл меҳрини қозонган ёзувчи, шоира, ўз навбатида, садоқат ва вафо тимсоли ҳамдир”, дейилади мақолада.

Туркия журналида, шунингдек, адибанинг “Вафо” ҳикояси таржимаси келтирилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net