Саид Аҳмаднинг турк тилида нашр этилган сайланган ҳикоялар тўплами Туркия Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасига топширилди

04.12.2020 09:47

АНҚАРА, 4 декабрь. /«Дунё АА/. Мамлакатимиз элчихонаси вакиллари Туркия Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасида ушбу кутубхона директори, проффессор А.Туғлу билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг яқинда элчихона ва ТЮРКСОЙ томонидан турк тилига таржима қилиниб, Анқарада чоп этилган сайланган ҳикоялар тўплами кутубхонага топширилди.

Суҳбатда А.Туғлу Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳатлар, шу жумладан маънавий-маърифий соҳадаги ўзгаришларни юқори баҳолади. У ўзбек халқи меросини тарғиб этиш, ўзбек тилининг халқаро майдондаги обрўсини ошириш, қатағон қурбонлари хотирасини тиклаш ва абадийлаштириш масалаларида Туркия Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонаси Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари билан амалий ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.

—Туркияда ўзбек тили ва адабиётига қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Шунингдек, ўзбек халқининг буюк меросига оид асарларни ўрганиш ҳам анча жадаллашди, — деди А.Туғлу. — Жумладан, кутубхонамиз ходими, Туркиянинг Тракия университети ўқитувчиси, филология фанлари доктори Нурсел Динлер Комил Хоразмийнинг «Девони Комил» асарига оид тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Алишер Навоий илмий меросига бағишланган докторлик ишини муваффақиятли ҳимоя қилган Н.Динлер ўзбек тилини ўрганиш ва Туркияда тарғиб қилиш бўйича самарали иш олиб бораётган ёш турк олимларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, у Туркиянинг ғарбий минтақасида жойлашган Тракия университетида эски чиғатой тили ҳамда замонавий ўзбек тилидан дарс бермоқда. Саид Аҳмаднинг сайланган ҳикоялар тўплами учун ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net