Россияда ишлаш учун патентни Ўзбекистонда расмийлаштириш имкониятлари кўриб чиқилмоқда

20.01.2021 10:46

ТОШКЕНТ, 20 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Россия ички ишлар вазирлигининг «Паспорт-виза хизмати» федерал давлат унитар корхонаси вакиллари билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири вазирлик манбасига аосланиб.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Э.МуҳитдиновРоссия ички ишлар вазирлигининг «Паспорт-виза хизмати» федерал давлат унитар корхонаси бош директори С.Машин иштирок этган тадбирда Россия Федерациясида ишлаш учун патент расмийлаштириш бўйича хизматларни Ўзбекистонда ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқотда «Паспорт-виза хизмати» ваколатхонасининг Ўзбекистонда рўйхатдан ўтиш масаласи, яъни ўзгартиришлар киритилган ташкилотнинг устави ҳозирда Россия ички ишлар вазирлиги томонидан кўриб чиқилаётгани таъкидланди.

Шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан биргаликда Ўзбекистонда патентни рўйхатдан ўтказиш бўйича максимал хизматларни тақдим этилиши, молиявий харажатларни камайтириш билан бирга «виждонсиз воситачилар қўлига тушиб қолиш» нуқтаи назаридан уларнинг хавфсизлигини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятли экани қайд этилди.

С.Машиннинг сўзларига кўра, миграция рўйхатидан ўтказиш ва тиббий кўрикдан ташқари патентни расмийлаштириш бўйича деярли барча хизматларни Ўзбекистонда ташкил қилиш мумкин.

Ҳисоб-китобларга кўра, Россияда патент олиш бир ҳафтадан кўп давом этмайди, келгусида бу муддатни 2-3 кунга қисқартириш режалаштирилган.

Муҳокамалар давомида Ўзбекистондаги хизматларни ташкил этиш масалалари хусусида ҳам сўз юритилди. Хусусан, Ўзбекистонда тиббий хизматни ташкил этиш масаласида Россия Федерацияси соғлиқни сақлаш вазирлиги билан музокаралар олиб борилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш учун Россиянинг хусусий лабораторияларини жалб қилиш имконияти ўрганилиб, бугунги кунда, “Хеликс” лабораторияси ушбу соҳада Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган. Шу билан бирга, Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу лаборатория фаолиятини Ўзбекистонда ташкил этиш имконияти тўғрисида тегишли хулоса бериши керак.

С.Машин меҳнат мигрантларини суғурталаш борасида Россиянинг бир қатор суғурта компаниялари билан музокаралар олиб борилганини ва ҳозирга қадар «Росгосстрах» ва «?нгосстрах» ташкилотлари ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Хусусан, суғурта полиси Ўзбекистонда расмийлаштирилади ва меҳнат мигранти Россияга кириб келганидан кейин ўз фаолиятини бошлайди.

Учрашув натижасида Россия ички ишлар вазирлигининг «Паспорт-виза хизмати» федерал давлат унитар корхонаси ходимларига Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан жой ажратиш масалалари ҳал қилинди. Шунингдек, Россияда ишлаш учун патент расмийлаштириш бўйича хизматларни Ўзбекистонда ташкил этиш учун биринчи навбатдаги вазифалар «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net