Режиссёр Рустам Сагдиев: ёш авлод тафаккурини миллий қадриятларимиз билан йўғрилган кинофильмлар орқали тарбиялашга ҳисса қўшишимиз кер

27.11.2020 13:14

ТОШКЕНТ, 27 ноябрь. /«Дунё» АА/. Аввал хабар қилинганидек, 22 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти  «Ўзбекфильм» киностудиясида амалга оширилган ишларни кўздан кечирди, кино санъати фахрийлари, режиссёрлар, соҳа мутаcаддилари билан суҳбатлашди.

Давлатимиз раҳбари билан бўлиб ўтган учрашувда иштирок этган таниқли кинорежиссёр Рустам Сагдиев «Дунё» АА мухбирига  ўз таассуротларини сўзлаб берди.

— Айни дамда узоқ муддат қаровсиз ётган «Ўзбекфильм» киностудиясини янгидан барпо этилган кўринишда кўришингиз мумкин. Тўғрисини айтсак, «Ўзбекфильм» павильонлари жуда ачинарли аҳволга тушиб қолган эди. Бугун эса буткул ўзгача руҳ юзага келди.

«Ўзбекфильм» тимсолида маънавият ва маърифатни жамият ҳаётида алоҳида ўрин тутишини ҳис қилиш мумкин.

Жамиятда кинонинг ўз ўрни бор. Аввалги кино асарларда эзгулик, ҳалоллик, поклик тушунчалари асосий ўринга кўтарилган. Шунинг учун кўпчилигимиз ўша фильмларни қайта-қайта томоша қилади. Бугунги кун ижодкорлари ўша руҳиятни томошабинга яна қайтариши керак.

Президентимиз Шукур Бурхонов, Раззоқ Ҳамроев, Наби Раҳимов каби атоқли киноактёрлар номларини санаб ўтди. Улар яратган образлар халқимиз қалбига яқинлигини таъкидлади. «Келинлар қўзғолони» фильми руҳиятини акс эттирадиган халқона фильмлар қилишимиз кераклиги ҳақида таклифлар берди. Буюк шахслар, алломалар ва, албатта, ҳозирги кун қаҳрамонлари ҳақида фильмлар суратга олишни олдимизга муҳим вазифа қилиб қўйди.

Ҳозирги кунда «Ўзбекфильм» киностудиясига энг замонавий асбоб-ускуналар олиб келинмоқда. Замонавий хоналар, павильонлар, умуман, режиссёрнинг самарали ижод қилиши учун аъло даражадаги муҳит яратилди. «Ўзбекфильм» киностудияси қайтадан туғилди, десам муболаға бўлмайди.

Президентимиз  ижодкорларнинг ижтимоий ҳимоясига ҳам алоҳида эътибор бергани бизни жуда қувонтирди. Киноижодкорларга имтиёзли уйлар қуриб бериш вазифаси тегишли мутассаддиларга топширилди. Тўғриси, соҳа вакилларига яқин йилларда бундай муносабат бўлмаган. Энди биз ҳақиқий масъулиятни икки карра ҳис қилиб ижод қиламиз.

Мулоқот давомида Президентимизнинг «биринчи навбатда халқни рози қилишимиз керак», деган сўзлари менга жуда ҳам таъсир қилди. Албатта, кино - бу халқ учун. Халқимиз томоша қиладиган, маънавий озуқа оладиган фильмларни суратга олсак томошабиннинг кўнглига йўл топган бўламиз. Бундан ташқари Ўзбекистон тарихи, маданияти ва замонавий ривожланишини кино орқали  кўрсатиб беришимиз даркор. Албатта, бу осон жараён эмас. Лекин бизда ушбу вазифаларни бажариш учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилди. Бунга муносиб жавоб қайтаришимиз шарт.  Ўзбек киноси мавқеини қайта тиклаш даври келди.

Сўзим якунида айтмоқчиманки, биз киноижодкорлар ёш авлод тафаккурини миллий қадриятларимиз билан йўғрилган кинофильмлар орқали тарбиялашга муносиб ҳисса қўшишимиз керак.

Сардор Мирзаев ёзиб олди,

«Дунё» АА

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net