Рақамли иқтисодиётнинг илмий асослари муҳокама қилинди

05.06.2020 10:21

АНКАРА, 5 июнь. /«Дунё» АА/. Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ва Туркиянинг Кастамону университети ўртасида видеоконференция шаклида онлайн илмий анжуман тарзда ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.  

«Рақамли иқтисодиётни шакллантиришда илм-фан ва инновацион ютуқларни амалиётга жорий этишнинг долзарб муаммолари» мавзусида ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти Ёш олимлар кенгаши аъзолари ҳам қатнашди.

Конференцияни Самарқанд архитектура-қурилиш институти ректори Султан Ахмедов табрик сўзи билан очиб берди.

Анжуман доирасида Ўзбекистонда илм-фан соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ва ёшлар масалалари бўйича юритилаётган давлат сиёсати тўғрисида маълумот берилди.

Ўзбекистон ва Туркиянинг етук университетлари ўртасидаги шерикчилик муносабатларининг бугунги ривожланиши амалий аҳамиятга эгалиги эътироф этилди.

Туркиянинг Кастамону университети профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Озодбек Кароматов икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ижобий баҳолаб, таълим соҳасида очилаётган ҳамкорлик истиқболлари хақида сўзлаб берди.

Ёш тадқиқотчиларнинг меъморчилик, қурилиш, шаҳарсозлик, композицион материаллар яратиш, геодезия, картография, экология, кадастр, иқтисодиёт, туризм, техноген цивилизациянинг ахлоқий жиҳатлари, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва кадрлар малакасини ошириш  масалаларига бағишланган маърузалари тингланди.

Тадбирда Ўзбекистон олий таълим даргоҳлари ва Фанлар академияси илмий муассасаларидан 150 дан ортиқ ёш профессор-ўқитувчилар, олимлар, магистрант ва иқтидорли талабалар иштирок этди.

Анжуман якунида тегишли резолюция қабул қилиниб, уни амалиётга тадбиқ этиш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net