“Project.gov.uz”нинг навбатдаги семинари

27.02.2020 11:52

ТОШКЕНТ, 27 февраль. /“Дунё” АА/. Адлия вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими “Project.gov.uz” фаолияти ва унинг имкониятларидан фойдаланиш тартибига бағишланган навбатдаги семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда “Project.gov.uz” тизими ишига масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотлар вакиллари, юридик хизмат ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 октябридаги “Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими ишга туширилди. 2019 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларида қонун, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларини махсус журнал ва ҳисоб варақаларида рўйхатга олиш тартиби, қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари бўйича ҳисоб картотекаларини қоғоз шаклида расмийлаштириш ва юритиш бекор қилинди.

Яратилган ахборот тизими орқали Адлия вазирлигида бу иш электрон форматга ўтказилди.

Семинарда таъкидланганидек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш жараёнида бир-бирини такрорлаш, меҳнат ва вақт ресурсларидан оқилона фойдаланмаслик ҳолатлари учраб турарди. Бу, ўз навбатида, улар мазмуни билан танишиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига салбий таъсир кўрсатади.

Анжуманда яратилган ахборот тизимида идоралар ва ташкилотлар учун манзилли ёндашув кўзда тутилгани ҳақида маълумот берилди. Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар “ақлли тарқатиш” вазифаси орқали тегишли давлат органлари ва ташкилотларига қонунчилик тармоқларининг умумҳуқуқий классификаторига мувофиқ тарқатилиши қайд этилди.

“Ақлли қидирув”, “ақлли мониторинг ва назорат” сингари функциялар ва бошқа янгиликлар жорий этилди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тарқатиш ва тегишли ташкилотлар томонидан қабул қилиш санасини мониторинг қилишнинг автоматлашган статистика тизими норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни олувчилар билан доимий алоқани таъминлаш имконини беради.

Шу тариқа, ?лм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида Адлия вазирлиги томонидан тизим органлари ва муассасалари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга алоҳида эътибор берилмоқда.

– “Project.gov.uz”нинг янги модернизация қилинган талқини
 4 январдан ишга туширилди, – деди “Узинфоком” масъулияти чекланган жамият бош мутахассиси Бобур Баҳодиров “Дунё” АА мухбирига берган интервьюда. – Унда фойдаланувчилар учун бир қатор қулайликлар яратилган. Эндиликда давлат ташкилотлари ҳужжатни имзолаш учун оворагарчилик, бюрократик тўсиқ, вақт ва маблағ сарфи билан боғлиқ муаммоларга дуч келмайди. Зеро, тизим орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини идоралараро келишишнинг дастлабки жараёнини амалга ошириш мумкин бўлади.

– Қулайлик сифатида келишиш учун мазкур тизимга юкланаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари автоматик равишда Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали “regulation.gov.uz”га юборилиши мумкин, – деди Б.Баҳодиров.

Семинар доирасида, шунингдек, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг давлат ҳисоби ва тарқатилиши” янги ахборот тизими тақдимоти бўлиб ўтди.

“Дунё” АА мухбири Наргиза Роҳаталиева

Фото: Адлия вазирлиги матбуот хизмати

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net