Пойтахтимизда замонавий «Chinobod plaza» санаторийси қурилиб фойдаланишга топширилди

05.01.2021 09:57

ТОШКЕНТ, 5 январь. /«Дунё» АА/. Тошкент шаҳрида барпо этилган  «Chinobod plaza» санаторийсининг очилишига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати раҳбари Муҳаббат Ўрмонбекова хабарига таяниб.

Жаҳон стандартларига тўла жавоб берадиган мазкур 5 қаватли шифо маскани инновацион технологиялар асосида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Санаторийни жаҳон стандартларига мос технологиялар асосида қуриш, энг сўнгги русумдаги тиббий ташҳислаш ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш учун Федерация томонидан қарийб 72 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. 1,7 гектар майдонни эгаллаган санаторий меъморий қурилиш услуби жиҳатидан дунёга машҳур хорижий санатор-курорт муассасаларидан қолишмайди.

- Бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилди,—деди Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков. — «Chinobod plaza» санаторийси халқимиз учун Президентимизнинг янги йил совғаси бўлди. Ушбу масканнинг биринчи дам олувчилари халқимизнинг энг ҳурматли кишилари – устоз ва мураббийлар, илм-фан, маданият соҳаларида узоқ йиллар давомида юртимизга сидқидилдан ҳалол меҳнат қилиб келаётган инсонлар ҳамда нуронийларимиз бўлдилар. Биз бугун 100 нафардан ортиқ ана шундай азиз инсонларни ушбу сиҳатгоҳда дам олиб, саломатликларини мустаҳкамлашлари учун таклиф этдик. 

150 кишига мўлжалланган мазкур санаторий турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимлар, ишлаб чиқариш илғорлари, нуронийлар, меҳнат фахрийлари саломатлигини мустаҳкамлаш учун хизмат қилади.

«Chinobod plaza» ошқозон-ичак йўли касалликлари, юрак-қон томир, эндокрин ва асаб тизими касалликлари билан оғриган дам олувчилар учун тиббий реабилитация хизмати кўрсатишга ихтисослаштирилган меҳмонхона классидаги бальнеологик санаторий бўлиб, денгиз сатҳидан 450 метр баландликда жойлашган. Ушбу масканда даволаш муолажалари табиий, иқлимий ва физиотерапевтик усуллардан комплекс равишда фойдаланган холда амалга оширилади. Асосий тиббий даволаш омиллари сифатида Тошкент артезиан ер ости сувлари ҳавзасидан чиқадиган термал, кам маъданли, хлорид-сульфатли-натрий-гидрокарбонатли (+510) Бюветнинг шифобахш сувлари билан даволаш муолажаларини амалга оширилади.

Маъданли сувдан ванна, милкни чайиш, ичак ва ошқозонни ювиш учун ҳамда дуоденал ва даво ичимлиги сифатида фойдаланилади. Бальнеология бўлимида турли хилдаги шифобахш ванналар, хусусан, минерал, хвояли-дурли, лавандали, шунингдек, шарко, виши, циркуляр, тепаловчи ва сув ости душ-массажлари мавжуд. Шунингдек, парафин-озокерит, физиологик воситалар билан даволаш усуллари, массаж, даволовчи бадантарбия муолажалари қўлланилади.

 Санаторийда махсус тайёргарликдан ўтган 113 нафар юқори малакали мутахассис хизмат кўрсатади.

Шунингдек сиҳатгоҳда мазмунли дам олиш учун конференц зал, 5D кинотеатри, кутубхона, спорт майдончаси ва ёпиқ бассейн,  қишки боғ ва бошқа шароитлар яратилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net