Пекин ва Ухандаги Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш бошланади

04.02.2020 17:15

ТОШКЕНТ, 4 февраль. /“Дунё” АА/. Пекин ва Уханда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари бугундан бошлаб чартер рейс билан Ўзбекистонга олиб келинади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига асосланиб.

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 январдаги фармойишига асосан коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси тузилган. Мазкур комиссиянинг 3 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишида Хитойдаги фуқароларимизни юртимизга қайтариш билан боғлиқ долзарб вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими тарқатган хабарга кўра, йиғилишда Хитойнинг Ухань ва бошқа ҳудудларидан Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун чартер рейслар ташкил этиш чоралари белгилаб олинди. Дастлабки чартер рейсларни 4-5 февраль кунлари амалга ошириш таъкидланди.

Шунга кўра, бугун биринчи чартер рейс бугун, 4 февраль куни Пекин шаҳридан амалга оширилиши кутилмоқда. Йўловчилар эса махсус тайёрланган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилади.

– Мазкур муассасалар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари, халқаро карантин талаблари асосида жиҳозланган, – дейди Санитария-эпедимиологик осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматов. – Айни пайтда коронавирус диагностикаси воситаларининг зарур захиралари яратилган, керакли дори ҳамда дезинфекция воситалари, ускуналар, сарфлаш материаллари, шунингдек, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган. Хитойнинг Ухань шаҳри ва бошқа ҳудудларидан олиб келинган фуқаролар алоҳида назорат остига олиниб, мунтазам тиббий текширувдан ўтказилади, зарур хавфсизлик чоралари кўрилади. Мазкур тиббиёт муассасалари керакли маиший воситалар ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган.

Чартер рейсларга Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий текшириш институтининг юқумли касалликлар бўйича мутахассис ва эпидемиологлари шахсий ҳимоя воситаларида ҳамроҳлик қилади. Улар томонидан эвакуация қилинган йўловчилар самолётга чиқиш пайтида дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилади. Лозим бўлганда зарур тиббий ёрдам кўрсатиш ва парвоз пайтида биологик хавфсизликни таъминлаш учун барча зарур воситалар тақдим этилади. Мазкур самолётларда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси буюртмасига асосан мамлакатда қолиб, фаолиятини давом эттириш истагини билдирган ҳамюртларимизга зарур антисептик ва дезинфекция воситалари етказилади ҳамда бепул берилади.

Хитойдан келган фуқаролар касаллик яширин даврида, яъни 14 кун давомида қатъий карантинда бўлади. Халқаро санитария-эпидемиология мезон ва талабларидан келиб чиқиб, барча хавфсизлик чоралари кўрилган. Шу боис Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундан ортиқча саросимага тушишга асос йўқлигини яна бир бор эслатиб ўтди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net