Пандемия даврида кўнгиллилар ҳаракати мавзуида онлайн-мулоқот ўтказилди

30.05.2020 11:30

ТОШКЕНТ, 30 май. /“Дунё” АА/. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда БМТнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Пандемия шароитида Ўзбекистонда глобал ҳамкорлик ва кўнгиллилик ҳаракати: ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик” мавзуида онлайн мулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири Қанунчилик палатаси манбасига асосланиб.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллиги муносабати билан бутун дунёда эълон қилинган “БМТ-75” кампанияси доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда депутатлар, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек, ёшлар иштирок этди.

“БМТ-75” кампанияси — бу глобал мулоқот бўлиб, у иложи борича кўпроқ одамларни, шу жумладан, рақамли макон фойдаланувчиларини қамраб олишга қаратилган. Ушбу мулоқот инсоният дуч келаётган кўплаб қийинчиликларга қарамай, қандай қилиб яхшироқ дунёни қуриш мумкинлигини муҳокама қилишни рағбатлантириш ҳамда тегишли чораларни кўришга ёрдам беришга хизмат қилади.

Онлайн-мулоқот давомида Ўзбекистон Президенти томонидан 2019 йил 2 декабрь куни имзоланган “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг аҳамияти, коронавирус пандемияси туфайли юзага келган мураккаб вазиятда кўнгиллилар гуруҳларининг ташаббуслари, шунингдек, фаол фуқаролар томонидан амалга оширилаётган хайрия акциялари, ёшларнинг волонтёр сифатида орттирган тажрибалари ҳақида фикр юритилди.

Таъкидланганидек, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган ғоя кундалик фаолиятимизга тобора чуқур кириб бормоқда. ?слоҳотларнинг амалий натижадорлигини оширишда, жойларда янги ташаббусларни илгари суришда аҳолимизнинг янада фаолроқ, янада ташаббускор бўлиши муҳим саналади.

Шу нуқтаи назардан, “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг амалиётга татбиқ этилгани долзарб аҳамиятга эга. Қайд этилганидек, унга мувофиқ, волонтёрлик фаолияти — жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият ҳисобланади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net