Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди

18.06.2020 12:47

ТОШКЕНТ, 18 июнь. /«Дунё» АА/. Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг видеоконференция алоқа тарзидаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Олий Мажлис Сенати манбасига асосланиб.

Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева олиб борган йиғилишда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг амалга оширган ишлари ва келгусидаги вазифалари муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, Миллий маърузачи томонидан тайёрланган одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида 2019 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ахборотда қайд этилган таклифларни амалиётга татбиқ этиш бўйича йўл харитаси лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалаларига оид миллий қонунчилик такомиллаштирилди. Хусусан, 2019 йилда мазкур йўналишлардаги фаолиятни тартибга солиш мақсадида 15 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.Бунданташқари, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Халқаро миграция ташкилотининг 6 та конвенция ҳамда протоколи ратификация қилинди. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Шу билан бирга, халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги таҳрирда ишлаб чиқилди.

Яна бир жиҳат, одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида профилактик, ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида 2019 йил одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 22 фоизга камайган. Мажбурий меҳнатга йўл қўйган 259 нафар ҳамда иш ҳақини ўз вақтида бермаган, меҳнат шароитлари яратмаган 56 нафар мансабдор шахсга қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жарималар қўлланилди.

Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш, уларни реабилитация қилиш ҳамда хорижда фуқароларимиз манфаатини ҳимоя қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 2019 йил 220 нафар одам савдоси жабрдийдаларига Республика реабилитация марказида тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг 113 нафари ишга жойлаштирилган. 3 минг 938 нафар фуқаро чет элда иш билан таъминланиб, иш ҳақини вақтида ололмаган меҳнат мигрантларининг 530 минг долларга яқин иш ҳақи ундириб берилган.

Бундан ташқари, ХМТ билан ҳамкорликда 2019 йил пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш юзасидан учинчи томон мониторинги, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан миллий мониторинг ўтказилди. Унинг натижаларига кўра, Ўзбекистонда пахтачиликда тизимли равишда болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга барҳам берилган.

Мажлисда бу борада амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда ҳал этилиши лозим бўлган айрим муаммолар мавжудлигига ҳам урғу берилди. Хусусан, бугунги кунда айрим маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг қуйи тузилмалари раҳбарлари томонидан ходимларни ўз функционал вазифаларига кирмайдиган меҳнат турларига мажбурий жалб қилиш ҳолатлари учрамоқда.

Тадбирда қуйи бўғинда ишлар самарадорлиги сустлиги, биргина ўйланмаган ҳаракат оқибатида одамларга зарар етаётгани, бу эса давлат имижига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

2019 йилодам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан камайган бўлса-да, бу йўналишда содир этилган умумий жиноятлар орасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар юқорилигича қолаётгани ҳам муҳокама марказида бўлди. Хусусан, 2018 йил содир этилган одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг 38 фоизини чақалоқ савдоси ташкил этган бўлса, 2019 йил бу кўрсаткич 43 фоизга етган.

Шу билан бирга, одам савдоси билан боғлиқ мурожаатлар ҳал этилишининг қонунийлиги ҳамда ушбу турдаги жиноятларнинг аниқланиши ва судларда кўрилиши, жазо муқаррарлиги тамойили таъминланиши механизми самарали йўлга қўйилмагани тўғрисида сўз юритилди. 2019 йил одам савдоси жинояти билан боғлиқ келиб тушган 710 та мурожаатдан бор йўғи 94 таси, яъни 13 фоизи бўйича жиноят иши очилган.

Бундан ташқари, мажлисда ушбу йўл харитаси доирасида амалга ошириладиган ишлар тўғрисида сўз юритилди. Жумладан, “Миграция тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, “Нодавлат нотижорат ташкилотлар тўғрисида”ги кодекс лойиҳасини халқаро экспертлар, фуқаролик жамияти вакилларини жалб қилган ҳолда янада такомиллаштириш, Халқаро меҳнат ташкилотининг 17, 183, 187-сон конвенцияларини ратификация қилиш масаласини кўриб чиқиш режалаштирилган ва мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш назарда тутилган.

Шунингдек, мажлисда кичик комиссиялар ва ҳудудий комиссияларнинг ҳисоботлари ҳам тингланди.

Муҳокамалардан сўнг йўл харитаси тасдиқланди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net