Нурмат Отабеков: Ўзбекистонда коронавирусдан даволанаётган 641 бемордан 4 нафарининг аҳволи оғир

26.05.2020 16:27

ТОШКЕНТ, 26 май. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков «Ўзбекистон-24» телеканали орқали мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ вазият ва ушбу касалликка чалинган беморларнинг ҳолати бўйича ахборот берди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

– Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар сони 3 минг 261 нафарга етди. Кеча 42, жами 2 минг 607 нафар, яъни 81 фоиздан зиёд бемор тўлиқ соғайган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, шифохоналарда 641 бемор даволанмоқда, 3 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир, —деди у.

Мамлакатимизда 45 мингдан кўпроқ фуқаро карантин тадбирлари билан қамраб олинган. Уларнинг 20 мингдан ортиғи стационар шароитда карантинга жалб қилинган. 25 май куни 11 мингдан кўпроқ, касаллик дастлабки қайд этилган кундан то бугунга қадар эса 597 мингдан кўпроқ лаборатория текширувлари ўтказилган.

“Ҳурматли юртдошлар!

Карантин тадбирлари давом этяпти. Белгиланган карантин ва чеклов тадбирларига риоя этиш ҳар биримизнинг асосий вазифамиз бўлмоғи керак. Афсуски, кейинги кунларда кенг жамоатчилик, аниқроғи аҳоли орасида касаллик қайд этиляпти. Бу эса вазият жиддий эканини англатади. Шу боис берилган тавсияларга панжа орасидан қараманг.

Ўзингизни ва яқинларингизни эҳтиёт қилинг!”, - деди ўз мурожаатида Н.Отабеков.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net