Нидерландияда 101 ўзбек аскари хотираси ёд этилди

24.05.2020 16:05

АМСТЕРДАМ, 24 май. /“Дунё” АА/. Муборак Рамазон ҳайити муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси Ўзбекистон – Нидерландия дўстлик жамғармаси билан ҳамкорликда савобли ташаббусни амалга оширди.

Қутлуғ кунлар арафасида Ўзбекистон элчихонаси ходимлари, дўстлик жамияти раҳбарияти, Нидерландия мусулмонлар уюшмаси ва ҳамкор мамлакат жамоатчилиги Нидерландиянинг Лёсден шаҳарчасидаги “Растхоф” қабристони ҳудудидаги “Совет шон-шараф майдони”да йиғилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Айтиш жоиз, “Растхоф” - қисман ҳарбий қабристон бўлиб, унинг ҳудудида ?ккинчи жаҳон уруши йиллари Нидерландияда қурбон бўлган Британия, Польша, Бельгия, Франция, Греция, Венгрия, Руминия, Португалия, Чехия ва Словакия,  ?талия ва бошқа давлатлар вакилларининг қабрлари жойлашган.

 “Совет шон-шараф майдони” эса 1948 йил 18 ноябрь куни очилган бўлиб, унда 865 нафар совет аскари дафн этилган ва ҳар бирининг хотирасига бағишлаб қабр тоши ўрнатилган. Қабр тошларининг аксариятида дафн этилган аскарлар исм-шарифи ёзилган бўлса-да, бир қисмида фақатгина рақам ва «Номаълум совет аскари», деган ёзув битилган. Бу – Россия ва собиқ совет мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистонда бедарак йўқолган, деб қараб келинган аскарлар – “Амерсфорт” концлагерига келтирилиб, 1942 йил фашистлар томонидан отиб ташланган ўзбекистонлик 101 ўғлон ҳам шулар орасида.

Муборак Рамазон ҳайити арафасида “Растхоф” қабристонида дафн этилган ўзбекистонлик 101 нафар аскар ҳамда фашизм қурбонига айланган мусулмонлар руҳига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди.

Маросим иштирокчилари савобли ташаббусни илгари суриш ва амалга оширишда бош-қош бўлган Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси ҳамда Ўзбекистон – Нидерландия дўстлик жамиятига алоҳида миннатдорлик изҳор этди.

Суҳбатлар чоғида мусулмон олами интиқиб кутадиган байрамлардан бири бўлган Рамазон ҳайити арафасида бошланган бу хайрли ташаббусни анъанага айлантириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

“Совет шон-шараф майдони”да дафн этилган аскарлар орасида Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа қардош миллат вакиллари борлигини инобатга олган ҳолда, кейинги тадбирларда иштирокчилар кўламини кенгайтириш борасида таклифлар билдирилди.

?штирокчиларнинг фикрича, ҳар йили 9 май куни “Совет шон-шараф майдони”да ўтказиладиган тадбирлар бу ерда дафн этилган аскарларнинг хотирасини абадийлаштириш, фахрийларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, урушнинг нақадар даҳшатли фожиа эканини ҳозирги ва келажак авлодларга етказишда беқиёс аҳамият касб этади.

Маросим якунида бир гуруҳ тадбир иштирокчилари “Дунё” ААга интервью берди.

Далия ЧАКАР, Ўзбекистон – Нидерландия дўстлик жамияти раиси:

– Муборак Рамазон ҳайити арафасида Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси билан биргаликда кўнглимизга тугиб қўйган тадбиримизни амалга оширишга муваффақ бўлганимиздан бағоят мамнунмиз.

Бугун Лёсден шаҳарчасидаги “Растхоф” қабристонида дафн этилган 101 нафар ўзбекистонлик аскар хотирасига Қуръон тиловат қилинди. Бу – ўзига яраша тарихий воқеа. Боиси Нидерландия ҳукумати шу кунга қадар марҳумлар хотирасига ҳурмат кўрсатиб, қабрларни обод қилинишига алоҳида эътибор берган бўлса-да, улар руҳларини шод қилувчи Қуръон оятлари, афсуски, янграмаган, фотиҳалар ўқилмаган. Мазкур ташаббус доирасида амалга оширилган ишдан мамнунмиз.

Муҳсин КЎКТОШ, Нидерландиянинг Мусулмонлар билан ҳукумат ўртасидаги алоқа органи раиси:

– Муборак Рамазон ҳайити арафасида мана шундай савобли тадбирда иштирок этиш насиб этганидан ўзимни бахтиёр ҳис қилмоқдаман. Ҳар бир мусулмоннинг руҳи у қаерда дафн қилинганидан қатъий назар бундай ёрқин дамларда дуо истайди. Шу маънода бугунги тадбир жуда гўзал ташаббус бўлди. Биз унинг анъанавий тарзда давом эттирилишига ва бу ерда дафн этилган ўзбекистонлик биродарларимиз хотирасини абадийлаштириш ва руҳларини шод қилишга ўз ҳиссамизни қўшишдан бахтиёрмиз.

Ташкилотимиз Нидерландиядаги 380 дан ортиқ масжидни бирлаштириб, 2004 йилдан бери мамлакатда истиқомат қилаётган 1 миллиондан зиёд мусулмон манфаатларини ҳукумат олдида илгари суриш бўйича расмий орган ҳисобланади.

Ташкилотимиз ўзбекистонлик биродарлар билан алоқа ўрнатиб, ўзаро тажриба алмашишдан манфаатдор. Шу боис имконият туғилиши биланоқ гўзал юртингизга бориб, музокаралар ўтказиш истагидамиз.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net