Наманганда 60-халқаро «Гуллар фестивали»га старт берилди

23.05.2021 14:32

НАМАНГАН, 23 май. /«Дунё» АА/. Бугун Наманган вилояти марказидаги муҳташам ва кўркам Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида  60-халқаро «Гуллар фестивали»га старт берилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Наргиза Роҳаталиева.

Ушбу гўзаллик ва нафосат байрамига жорий йилдан бошлаб халқаро мақом берилди. Фестивалнинг асосий тадбирлари байрамона безатилган автопарад билан бошланди. Анжуман ҳақидаги хушхабар бутун оламга таралгани боис байрам меҳмонлари сафи нафақат юртдошларимиз, балки яқин ва олис хориждан ташриф буюрган инсонлар билан янада кенгайди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғи мафтункор манзаралар, сермазмун томошаларни ўзида мужассам этган.

Наманганнинг халқаро брендига айланган гуллар байрамига Марказий Осиё ва бошқа хорижий мамлакатлардан меҳмонлар келган. Шунингдек, байрамга Ўзбекистонда фаолият олиб бораётган дипломатик корпус вакиллари ва Наманган билан биродарлашган ҳудудлар делегациялари ҳам таклиф этилган. Бинобарин, гулсевар кент аҳлининг қутлуғ айёмида намойиш қилинадиган турфа гуллар кўргазмаси, унга монанд маданий тадбирлар  ҳар қандай томошабинни ёки сайёҳни ром этмай қолмайди.  Айниқса, ранг-баранг гулу чечаклардан ороланиб, кўнгилга ёқадиган ифорга бурканган Бобур боғидаги ажиб манзаралардан кўз узиш қийин. Уста гулкорлар, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ҳаваскор боғбонлари гуллар кўргазмасида 100 дан ортиқ композицияли кўринишлар барпо қилди. Бундан ташқари анжуманда хорижий давлатлар, шунингдек, Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона вилоятларидан келган гулсеварлар ҳам ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда.

Байрам дастуридан қатор кўнгилочар тадбирлар ҳам ўрин олган.  Жумладан фестиваль доирасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ҳунармандчилик буюмлари, китоблар, фотосуратлар, миллий либослар намойиши бўлиб ўтади. Бундан ташқари она юрт, табиат манзараларини акс эттирган суратлар кўргазмаси, адабий мушоиралар, танловлар ташкил этилади.

Ташкилотчиларга кўра, фестиваль якунида байрамда фаол иштирок этган ва ҳакамлар ҳайъатининг энг кўп овозини тўплаган гулчилар ҳамда ташкилотлар қимматбаҳо совҳалар билан тақдирланади.

1961 йилдан бери анъанавий ўтказилиб келинаётган «Гуллар фестивали» 31 майгача давом этади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net