Наманган муҳандислик-технология институти делегацияси Малайзияда

05.02.2020 10:21

КУАЛА-ЛУМПУР, 5 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси Наманган муҳандислик-технология институти ўқитувчилари ва талабаларининг Малайзияга сафарини уюштирди, деб хабар бермоқда «Дунё» мухбири.

Ўзбекистон делегацияси Малайзия халқаро ислом университетининг ўқув жараёни, илғор лабораториялари фаолияти ва муҳандислик-технологик янгиликлари билан танишди, университет ректори Дзулкифли Aбдул Разоқ билан музокаралар олиб борди.

1983 йил ташкил этилган мазкур университетда бугунги кунда дунёнинг турли  мамлакатларидан  келган 30 мингга яқин талаба таълим олмоқда. Университетда ёшлар 13 факультетда бакалавриат, магистратура ва докторантура бўйича таълим олмоқда. Ўқиш инглиз ва араб тилларида олиб борилади.

Таъкидлаш жоизки, 2019 йил сентябрь ойида Наманган муҳандислик-технология институти ва Малайзия халқаро ислом университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланган эди. Ушбу ҳамкорлик доирасида механотроника ва электротехника соҳаларида «2+2» модели бўйича ўқитиш (2 йил Ўзбекистонда ва 2 йил Малайзияда ўқиш) ва икки томонлама дипломлар бериш имкониятларини ўрганиш бўйича келишувга эришилди.

Томонлар, шунингдек, тенг ҳуқуқли асосда икки университет талабалари учун малака ошириш курсларини ташкил этиш, профессор-ўқитувчилар алмашинуви, Малайзия халқаро ислом университети мутахассислари ва ўқитувчиларини Наманган муҳандислик-технология институтида маъруза ўқишга жалб қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net