Малайзиянинг «OIC Today» журналида COVID-19га қарши Ўзбекистонда кўрилаётган чоралар ҳақида мақола чоп этилди

30.04.2020 19:05

КУАЛА-ЛУМПУР, 30 апрель. /«Дунё» АА/. Коронавирус пандемиясининг мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ҳаётга таъсирини юмшатиш бўйича Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуслари Малайзия жамоатчилиги ва оммавий ахборот воситаларида катта қизиқиш уйғотяпти, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Жумладан, Малайзиянинг машҳур «OIC Today» журналида нашр бош муҳаррири Лаила Рани Бинти Датонинг «Пандемияда Ўзбекистон иқтисодиётини қишлоқ хўжалиги сектори қўллаб-қувватлайди» сарлавҳали мақоласи чоп этилди.

Муаллиф коронавирус пандемияси дунё давлатлари ижтимоий-иқтисодий ривожланишига жиддий таъсир кўрсатди, дея қайд этади. Унинг билдиришича, вирус тарқалиши биринчи навбатда мамлакат соғлиқни сақлаш тизимига бўлган босимни оширди. ?ккинчидан, корхоналар фаолиятини тўхтатишга мажбур қиладиган чекланган ҳаракат режими ва бошқа ижтимоий масофадаги чоралар миллионлаб одамларнинг иш билан бандлигига таъсир қилди. Учинчидан, чегаралар ёпилиши ва халқаро савдонинг кескин пасайиши давлат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

“Шунга қарамай, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев COVID-19 нинг мамлакат иқтисодиётига таъсирини юмшатиш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва тармоқ фаолиятини қайта тиклаш учун барча зарур чораларни кўрмоқда”, деб таъкидланади мақолада. Мамлакат раҳбариятининг асосий стратегияларидан бири қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга йўналтирилган бўлиб, ушбу соҳада ишлаб чиқаришни кўпайтириш орқали мамлакатда озиқ-овқат захираларини кўпайтиришга эришилади.

Нашр бош муҳаррири, шунингдек, Ўзбекистонда пахта ҳосилдорлигини 10 фоизга, ғалла ҳосилдорлигини 20 фоизга ошириш режалаштирилаётганини қайд этади. Давлат раҳбари фермер ва фуқароларни кўпроқ сабзавот, парранда ва чорва моллари етиштиришни оширишга чақирди, дея маълумот беради муаллиф.

Л.Дато мақолада пандемия даврида мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорликни фаоллаштиришдаги саъй-ҳаракатларига алоҳида эътибор қаратган. Жумладан, у мамлакатнинг халқаро ёрдам олиш масаласига тўхталиб, Европа тикланиш ва тараққиёт банки савдони енгиллаштириш дастури доирасида Ўзбекистоннинг учта банкига 150 миллион доллар ажратишини таъкидлаган.

“Бу ўзбекистонлик экспортёрларга пандемия шароитида товарларни ўз вақтида етказиб беришдаги узилишларни бартараф этишга ёрдам беради”, дейди у.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net