Малайзиядаги ватандошлар билан видеомулоқот ўтказилди

14.03.2020 10:06

ТОШКЕНТ, 14 март. /«Дунё» АА/. «Эл-юрт умиди» жамғармаси Ўзбекистон Республикасининг Малайзиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда ушбу мамлакатдаги ватандошлар билан видеомулоқот ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” мухбири Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматига таяниб.

Мазкур видеомулоқотдан асосий мақсад – Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини ватандошларимизга етказиш, мамлакатимиз имижини халқаро даражада янада мустаҳкамлаш, туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, юртдошларнинг билим, тажриба ва кўникмаларидан юрт равнақи йўлида кенг фойдаланишдир.

Видеомулоқотда 70 нафарга яқин иштирокчи, жумладан, Малайзия олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 55 нафар ўзбекистонлик ёшлар ҳамда 15 нафарга яқин катта илмий-амалий тажрибага эга бўлган юртдошларимиз қатнашди.

Тадбир доирасида жорий йил Малайзия олий таълим муассасаларини тамомлаётган ёшлар Ўзбекистон Республикасига қайтиб, тегишли соҳаларда ўз меҳнат фаолиятини олиб боришга тайёр эканини билдирди.

Шунингдек, масофавий мулоқот иштирокчилари Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини турли тадбирларда, жумладан форум ва фестивалларда тарғиб қилиш бўйича қатор таклифларни ўртага ташлади.

Мазкур видеомулоқот ижтимоий тармоқларида ҳам тўғридан-тўғри ёритиб борилди, ватандошларимиз ўз саволларига жавоб олди.

«Эл-юрт умиди» жамғармаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда жорий йил АҚШ, Буюк Британия, Франция, Австралия, Жанубий Корея, Японияда таҳсил олаётган ёшлар, хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳам бу каби видеомулоқотлар ўтказишни режалаштирилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net