Мактабларни ривожлантириш Миллий дастурини жорий этиш орқали халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратиладиЯкорь

14.01.2022 10:47

ТОШКЕНТ, 14 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президентининг «Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармони лойиҳасида  халқ таълими тизимини янада ислоҳ қилиш, таълим-тарбия ва ўқитувчилар малакаси ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтириш билан боғлиқ қатор вазифалар ўз ифодасини топган, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.

Жумладан, мактабларни ривожлантириш Миллий дастурини жорий этиш орқали халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратилиши режалаштирилган.

Жумладан, янги мактаблар қуриш, хусусий миллий мактабларни кўпайтириш, таълим сифатини оширишни назарда тутувчи алоҳида дастур ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.

Мактабларни реконструкция қилиш ва янгидан барпо этиш орқали эса 2026 йилга қадар 1,2 миллион, хусусан 2022 йилда 141 минг ўқувчи ўрнини яратиш мўлжалланмоқда.

Нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи ташкилотларга шароит ва имкониятларни кенгайтириш орқали уларнинг улуши 2022 йилда 3 фоизга,  2026 йили 8 фоизга етказилади.

Фармон лойиҳасига кўра, 2022–2026 йилларда 217 та «Баркамол авлод» болалар мактабини ривожлантириш бўйича дастур амалга оширилади.

Ёшларни санъат дунёсига ошно этиш, компьютер ва IТ технологиялари соҳасида билим ва кўникмаларга эга бўлишлари учун зарур жиҳозлар билан таъминланган 100 мингдан ортиқ бепул тўгарак фаолияти йўлга қўйилади.

Шунингдек, 2026 йилга қадар ўқув дастурлари ва дарсликлар илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта кўриб чиқилиб, амалиётга жорий этилади.

Миллий ўқув дастурига асосан, 2026 йилга қадар 699 номдаги, шу жумладан, 2022 йилда 296 номдаги янги дарсликлар, машқ дафтарлари, ўқитувчи методика китоблари ҳамда мобил иловаларни яратиш  режалаштирилмоқда. Миллий ўқув дастури бўйича янги методикаларга ўқитувчиларни ўқитиш мақсадида Электрон малака ошириш платформаси учун 2026 йилга қадар жами 769 та видеодарс яратилади.

Умумтаълим мактабларида дарслик ва ўқув-методик мажмуаларни тажриба-синовдан ҳамда чет эллик мутахассислар иштирокида экспертизадан ўтказиш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Ҳужжатга биноан, ўқитувчилар ойлик маошларини босқичма-босқич      1 000 АҚШ доллари эквивалентига етказиш бўйича ишлар давом эттирилади. Жумладан, иқтидорли ўқитувчиларнинг иш ҳақлари малака тоифасига қараб табақалаштирилган ҳолда ошириб борилади. Шунингдек, ўқитувчиларга малака тоифаларини бериш тартибини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда малакани баҳолаш методикаси асосида адолатли ва шаффоф тизимни жорий этиш кўзда тутилган.

Мактабларда таълим сифати, педагог кадрларнинг билими ва малакаси халқаро даражага олиб чиқилади. Мактабда фаолият олиб бориши учун ҳар бир фан бўйича маҳаллий ёки халқаро сертификация талабларини белгилаш қайд этилган.

Тоифага эга бўлмаган мактаб ўқитувчиларини билим ва кўникмаларини диагностикадан ўтказиш тартибини жорий этиш ҳам таклиф этилмоқда.

Шунингдек, умумтаълим мактабларини, айниқса, чекка ҳудудлардаги таълим масканларини олий маълумотли педагог кадрлар билан тўлдириш ишларини давом эттириш, бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизимини жорий этиш режалаштирилган.

Даставвал  Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида тажриба-синов тариқасида бошланғич синф (1-4-синф) ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш тизими амалиётга тадбиқ этилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net