Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 146 йиллигига бағишлаб халқаро илмий конференция ўтказилди

20.01.2021 10:45

ТОШКЕНТ, 20 январь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида (ЎзЖОКУ) кеча Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудининг 146 йиллиги муносабати билан «Маҳмудхўжа Беҳбудий ва жадид матбуоти» мавзусида халқаро онлайн илмий-амалий конференцияси ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири

ЎзЖОКУ маълумотига кўра,  халқаро конференцияда  Европа, Россия ва Евроосиё таълим маркази директори ўринбосари, АҚШ Мичиган давлат университети, Россия Фанлар Академияси Шарқшунослик институти қошидаги Россия давлат ҳуқуқшунослик университети, Туркиянинг Ege Üniversitesi, Бобожон Ғафуров номидаги Хўжанд давлат университети ҳамда Озарбайжон Миллий илмлар Академияси, Низомий Ганжавий номидаги адабиёт институтидан мутахассис-олимлар маърузалар билан иштирок этди.

— Конференцияни ташкил этишдан асосий мақсад, мамлакатимизда журналистика ва коммуникациялар соҳасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларининг сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг меросини ўрганишда маҳаллий ва хорижий олимлар ўртасида илмий алоқаларни ўрнатиш, ёш олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдир, — деди ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа. — Агар жадидлар фаолиятига тўлиқ йўл берилганида эди, биз бугун иккинчи эмас, учинчи Ренессанс даврида ривожланаётган бўлар эдик. Шундай экан, бугунги тинч ва илмга кенг имкониятлар яратилаётган даврда жадидлар тарихи, адабий-бадиий мероси, уларнинг илм-маърифатни йўлга қўйишдаги машаққатларини нафақат ўрганиш, балки чин дилдан ҳис қилиш ҳам муҳимдир.

Онлайн-мулоқотда жадидлар фаолиятининг турли қирралари, уларнинг таълим-тарбия борасилаги фикрлари ва ҳаракатлари, журналистик фаолиятдаги очилмаган жиҳатлар, адибларни илҳомлантирган шахслар ҳамда улар яшаган давр муҳитига оид қизиқарли фактлар ёш тадқиқотчилар ҳамда илм аҳли учун фойдали бўлди.

Эътиборлиси, конференция тўпламида нашр этилган илмий тезислар GOOGLE SCHOLAR халқаро базасида индекцияланади. Ҳар бирига DOI (Digital Object Identifier) рақами берилади.

Тадбир сўнггида миллатни уйғонишга, маърифатли бўлишга чорлаган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг ҳаёт йўли, ижод олами ҳали асрлар давомида келажак авлодга катта ибрат мактаби бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net