Маҳалла институти – Ўзбекистонда халқ дипломатиясини ривожлантиришнинг муҳим механизми

01.08.2020 16:02

ТОШКЕНТ, 1 август. /«Дунё» АА/. Халқ дипломатияси турли халқлар ўртасида дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашнинг муҳим жиҳати ҳисобланади.

Халқ дипломатияси ХХI аср бошларига келиб жаҳонда рўй бераётган ўзгаришларга билвосита ёки бевосита таъсир эта олувчи тўлақонли омил сифатида янада кенгроқ намоён бўлмоқда. Аҳолининг турли қатламларидан ташкил топган ушбу ижтимоий куч давлат расмий идоралари қаторида халқаро муносабатлар ривожланишида ҳам тобора фаолроқ иштирок этмоқда.

Ахборот алмашиш дунёсидаги «симсиз» алоқалар кўламининг кенгайиши эса дунё халқлари ва улар вакилларининг ўзаро муносабатларини чегара билмас даражада яқинлаштирмоқда.

Шу сабабли халқ дипломатиясининг дунёвий омилларга таъсирини, хусусан, халқ дипломатияси воситаларининг жаҳондаги жараён билан ўзаро мувофиқлик даражасини ўрганиш бугунги куннинг долзарб вазифаси ҳисобланади.

Халқ дипломатияси вазифалари ҳам барча муносабатлар сингари ички ва ташқи кўринишга эга бўлади. Халқ дипломатиясининг ички кўриниши мазкур мамлакат обрўсини мустаҳкамлашга ёрдам бериш баробарида, ушбу давлатнинг ташқи манфаатларини самарали амалга оширишга ҳам ҳисса қўшиши табиий.

Жаҳон тараққиётида ўз ўрнини мустаҳкамлашга интилаётган Ўзбекистонда ҳам халқ дипломатияси ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Халқ дипломатияси институтлари имкониятларидан фойдаланишни кенгайтириш борасидаги ҳаракатлар давлат миқёсида амалга оширилаётгани диққатга сазовордир.

Шу ўринда табиий савол туғилади: Ўзбекистонда халқ дипломатиясининг ички кўриниши қайси тузилмаларда ўз аксини топган? Айнан қайси ички муносабатлардан юртимизнинг халқаро алоқаларини шакллантиришда фойдалана олиш мумкин?

Халқ дипломатиясининг ажойиб намунаси ҳисобланган ўзбек маҳаллалари асрлар давомида аҳолининг ўзаро ҳурмат, тинч-тотув яшаши усулларини ҳаётда жорий қилиб, одамлар кўз ўнгида ижобий тарзда амалга ошириб келган. Ўзбек маҳаллалари бошқарув тизими сифатида ўзига хосликни сақлаб қолишга эришган тарихий аҳамиятга эга маскандир.

Бошқа давлатларда деярли учрамайдиган маҳалла институтининг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, у бошқарувда энг қуйи ва бирламчи тизим бўлиб, одамлар билан юзма-юз муносабатни таъминлайди.

Ўзбек маҳалласи ҳақида гап кетганда, албатта, унинг илдизи узоқ ўтмиш билан боғлиқ экани муҳим аҳамият касб этади. Олис тарихга назар соладиган бўлсак, зардуштийларнинг муқаддас китоби «Авесто»да ҳам оддий одамларнинг бошқарувдаги фаол иштирокини кўриш мумкин. ?нсонларнинг жамоа ҳаётига боғлиқ масалаларни биргаликда ҳал этиши, давлат билан жамият ўртасидаги муносабатларни ечишдаги аҳамияти алоҳида таъкидлаб ўтилган.

Маҳалла институти ва у томонидан амалга оширилган ваколатлар масаласи Ўрта асрларда ҳам ўзининг муносиб ўрнига эга бўлган. Шу боис Шарқ мутафаккирлари асарларида давлат ва жамоат арбобларининг бошқарув усулларида жамоа бўлиб яшаш тарзи, унинг жамият ҳаётидаги ўрни тўғрисида ижобий фикр-мулоҳазалар кўп учрайди.

Маҳаллага бошчилик қилган шахслар ҳамма даврда ҳам ўз ҳудудларида жамоат ишлари ва маросимларини бошқарганлар. Ҳар бир жамиятда теран фикрли, халқ орасидан чиққан раҳбарлар, обрўли кишиларнинг ўрни муҳим бўлган. Тарихда деярли ҳар бир жамоанинг ўзига хос норасмий етакчилари бўлгани фикримизга мисол.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз маҳаллаларига берилган эътибор улар мавқеини ҳар томонлама юксалтиришга хизмат қилди. Бугунги кунда 130 дан ортиқ миллат вакилларининг Ўзбекистонда ўзаро аҳил ва иноқ ҳаёт кечиришини таъминлашда фаол қатнашаётган маҳалла тизими тажрибасидан ўзбек халқ дипломатиясини ривожлантиришда фойдаланиш ижобий натижа бериши, шубҳасиз.

Маҳаллада турли халқ, миллат ва элат фарзандлари ҳаётининг муҳим қадрияти ҳисобланган турли урф-одатларини асраб-авайлаш, ушбу қадриятларни ҳурмат қилиш ва эркин яшаши учун имконият яратиш нафақат бир кичик ҳудудда тинчликни сақлашга, балки юртимизда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини қуришга хизмат қилади.

Маҳаллада бир иттифоқ бўлиб яшаш натижасида турли миллат ва эътиқод эгалари ўртасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва инсонпарварлик муносабатларига асосланган азалий қадриятлар ривожланган.

Энг муҳими, йиллар синовидан ўтган ушбу қадриятлар ёшларни одоб-ахлоққа риоя қилиш, катталарга ҳурматда, кичикларга иззатда бўлиш, миллати, халқи, тилига содиқ бўлиш, миллий ўзлигини англаш руҳида тарбиялашда муҳим омил бўлади.

Ўзбеклар билан ёнма-ён яшаётган қозоқ, рус, украин, тожик, қорақалпоқ, корейс, немис ва кўплаб бошқа миллат вакиллари яхши қўшничиликда, ўзаро тотувликда умргузаронлик қилиб келмоқда. Бундай қўшничиликда яшаш туфайли турли миллатларнинг миллий таомларидан тортиб, ўзига хос урф-одатлари, маданиятидан тортиб дунёвий фалсафаси ҳам ўзаро уйғунлашиб кетган.  

Маҳалладош қўни-қўшнилар орасида турли дин ва эътиқод вакиллари ажратилмайди, бошқа диндагиларнинг ҳам қўшничилик ҳақ-ҳуқуқлари сақланади.

Йиллар давомида юртимизда халқ дипломатиясининг яшаб келишини  халқ орасидан, яъни маҳалладан чиққан инсонларнинг ақлу заковати, фидокорона меҳнати орқали ихтиёрий равишда амалга ошириб келаётган ҳаракат натижаси сифатида қараш мумкин.

Фуқаролик жамиятларини янада такомиллаштириш, барча ижтимоий ўзгаришларга «жамият – ислоҳотлар ташаббускори» деган нуқтаи назардан баҳо бериш, ҳаётга жорий этилаётган янгиланишлар бугунги кунда халқ дипломатияси ривожига ҳам ушбу демократик механизмнинг ажралмас бир қисми деб қарашни тақозо этади.

Ўзбек халқ дипломатиясини ривожлантиришда дунёда тан олинган воситалар билан биргаликда маҳалла тизими амалиётидан ҳам самарали фойдаланиш, халқ дипломатияси олдига қўйилган улкан вазифаларни сидқидилдан амалга оширишга ёрдам берди. Шунингдек, минг йиллар давомида сайқал топган ўзбек маҳалласи тизимининг халқаро миқёсдаги обрўсини янада кўтаришга, дунё бўйлаб оммалашишига хизмат қилади.

Мухтасар айтганда, XXI аср халқ дипломатияси воситаларини рўёбга чиқариш даври бўлиб қолишига шубҳа йўқ. Ўзбек халқ дипломатиясининг ушбу йўналишда, ўз миллий қадриятларига асосланган ҳолда барқарор ривожланиши эса халқаро майдонда унинг ҳам эътироф этилишига хизмат қилиши муқаррар.

 

Қобилжон Собиров,

Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг

Халқ дипломатияси маркази раҳбари

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net