Люксембургнинг «AGEFI Luxembourg» журналида Ўзбекистон элчисининг мақоласи чоп этилди

18.02.2020 17:43

ЛЮКСЕМБУРГ, 18 февраль. /«Дунё» АА/.  Люксембургнинг «AGEFI Luxembourg» молиявий журналида Ўзбекистоннинг Бенилюкс давлатларидаги элчиси Дилёр Ҳакимовнинг мамлакатимизнинг замонавий ривожланиши ҳақидаги мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Мақолада элчи Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётидаги ютуқлари, дунёда ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган салоҳияти ва халқаро ташаббуслари ҳақида сўз юритган.

«Хусусан, «Thе Economist»  журнали томонидан 2019 йил декабрь ойида Ўзбекистон «Йил мамлакати» деб эълон қилингани мамлакатда ислоҳотлар изчил суръатларда ўтказилаётганининг эътирофи бўлди», деб ёзади дипломат.

Таъкидланишича, республика ахборот коммуникация технологияларини  ривожлантириш бўйича сўнгги глобал индексда саккиз поғонадан юқорига кўтарилди, аммо ҳали кўп иш қилиниши керак. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонда 2020 йил ?лм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилинди.

Материалда мамлакатда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар батафсил ёритилган. Жумладан мактабгача таълим билан қамраб олиш 2019 йилдаги 52 фоиздан 2020 йилда 60 фоизга ошиши таъкидланади. Тиббиёт соҳасида давлат соғлиқни сақлаш тизими билан бир қаторда, 2019 йилда 634  та хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилгани қайд этилади.

«Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича муҳим қадамлар қўйилди. Хусусан,  479 та қишлоқ ва 116 та шаҳар маҳаллаларида 34,7 мингта арзон ва шинам уй-жойлар, шу жумладан қишлоқ жойларда 17 минг 100 та ва шаҳарларда 17,6 мингта уй-жой бунёд этилди. Бу 2016 йилга нисбатан қарийб 3 баравар кўп демакдир. Уй-жой учун дастлабки ипотека тўловларини тўлаш учун яшаш шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган 5 мингта кам таъминланган оилаларга, шу жумладан ногирон аёлларга 116 миллиард сўмдан ортиқ миқдорда маблағ ажратилди.

Шунингдек, Ўзбекистон элчиси ўз мақоласида мамлакатимизнинг бой сармоявий ва иқтисодий, сайёҳлик ва саноат салоҳияти тўғрисидаги маълумотларни келтирган. Унда таъкидланишича, жорий йилда 236 миллиард доллар миқдоридаги инвестициялар 200 дан ортиқ янги йирик ишлаб чиқариш қувватларини яратишга йўналтирилади. Бу Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини сезиларли равишда оширади.

«Мамлакатнинг банк тизими рақамли технологияларни ривожлантириш учун ҳозирги талаблардан 10-15 йил орқада, янги банк хизматлари ва дастурий таъминотга эҳтиёж бор», деб ёзади дипломат.

Бундан ташқари, муаллиф қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар, гендер тенгликка эришиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқлар, юртимиз спортчилари эришаётган юксак натижалар ҳақида ҳам тўхталган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net