Лондондан мактуб: Ўзбекистонга саёҳатдан илҳомланиб 50 дан ортиқ шеър битган ёзувчининг соғинчи

22.07.2020 16:16

ЛОНДОН, 22 июль. /«Дунё» АА/.  Ўзбек адабиёти, хусусан, Алишер Навоий ижодий меросига Англияда қизиқиш жуда юқори. Британия олимлари ва шоирлари Алишер Навоий асарларини тадқиқ этиб, улуғ бобокалонимиз шеъриятидан меросидан илҳомланган ҳолда янги асарлар яратмоқда. Англиялик шоир Эндрю Станиленд Алишер Навоий девонларини мутолаа қилиб, инглиз тилида «A New Diwan» (Янги девон) номли тўпламни яратди.

Ундан 84 та қисқа шеър, шунингдек, Ўзбекистон ва Буюк ипак йўли шаҳарлари, адабиёти, боғлари ва меъморчилигига бағишловлар ўрин олган. Жорий йил бошида Эндрю Станиланд мамлакатимизга келган эди. Яқинда у ушбу сафар ҳақидаги таассуротларини ўқувчилар билан бўлишди.

- Ўзбекистон ҳақида кетма-кет шеърлар ёзишимга мени нима ундади? – деб ёзади инглиз шоири. - Мен олим ёки тарихчи эмасман ва Ўзбекистон учун янги одамман. Бундан бир неча йил олдин Георгий Гуржиевнинг (у бир муддат Бухорода яшаган) «Ажойиб инсонлар билан учрашувлар» асарини ўқиб, Ўзбекистонга бўлган қизиқишим ортди. Ва, албатта, ушбу диёр ҳақидаги фотосуратларни кўриб, унинг гўзаллигидан ҳайратланиб, бу заминни зиёрат қилишни кўнглимга тугиб қўйган эдим.

Шундан сўнг Ўзбекистон ҳақида кўпроқ билиш учун унинг тарихи ҳақидаги китоблар, ўзбек адабиёти намуналарини ўқий бошладим, ушбу мавзуда шеърлар машқ қилдим. Ўзбек романлари, айниқса, Алишер Навоий шеърларининг инглиз ва француз тилларидаги таржималари мени сеҳрлаб қўйди.  

Жорий йил февраль ойида Ўзбекистонда икки ҳафта бўлдим. У ерда ҳаётимдаги энг қувончли ва бахтли дамларимни ўтказдим. Бу диёр жуда гўзал, одамлари меҳмондўст, табиати жуда илҳомлантирувчи кучга эга. Ўзбекистонга  биринчи ташрифим бўлгани учун Самарқанд, Бухоро ва Хивани тезроқ зиёрат қилишга ошиқдим. Ушбу эртакмонанд шаҳарларни кўрганимда эса уларнинг виқори мени яна бир карра лол қолдирди.

Сафар давомида бир неча кун Тошкентда яшадим. Лондонга қайтганимдан бир ҳафта ўтгач, афсуски, коронавирус пандемияси сабаб чегаралар ёпила бошлади. Ўшанда Ўзбекистонга вақтида борганимни омад, деб ҳисобладим. Шундан бери ўзбек диёрида кўрганларим, танишган, дўст тутинган инсонлар, шоирлар билан кечган қизиқарли суҳбатлар оғушида яшаб келяпман.

Юртингиздан қайтиб келганимдан сўнг сафар таассуротларим ҳақида 50 дан ортиқ шеър ёздим, соғинч ва қувончимни шу шеърларга сиғдиришга ҳаракат қилдим. Қанийди, барча ўй-фикрларимни, ҳаяжонларим шеърий мисралар орқали ифода эта олсам....

Ўзбекистон мени икки бор илҳомлантира олгани рост. Бу заминда мен ўзимни бегона ҳис қилмадим. Одамлар менга кўзи тушиши билан юзларидаги табассумни кўрдим. Тошкент метросида эса улар ўз ўринлари менга бўшатиб беришарди. Жуда таъсирли воқеалар, одамлардаги ички маданият ва тарбия даражасини эса сўз билан ифодалаш ўта мушкул.

Албатта, ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос урф-одатлари, маданияти бор. Биз барчамиз буюк Евроосиё маданий анъаналарининг бир қисмимиз. Мен ҳаттоки шеърий анъаналаримиз ҳам жуда ўхшаш эканини ҳис қиламан.

Юртингиздаги мадраса ва мақбаралар деворларидаги сопол кошинлар, бошқа ажойиб ҳунармандчилик намуналари бошқа жойларда топилмаслиги ҳақида мулоҳаза юритсам, шеърий мисраларимда нозик ҳислар шакллана бошлайди.

Ушбу ажойиб бадиий санъат ва наққошлик анъаналари менга жуда ёқади. Улар эски услублар эмас. Улар ҳар доимгидек навқирон, замонавий ва кундалик ҳаётимизнинг бир қисми. Сиз-у биз фойдаланадиган идишлар, кийган кийимларимиз...

Одатда саёҳатга чиққанимда харид қилишни хуш кўрмайман. Лекин бу гал одатларимдан воз кечдим. Нақшлар туширилган лавҳачалар, Бухоро қайчиси, пиёла, кандакорлик намуналари ва ликопчалар сотиб олдим. Айни дамда эса Ўзбекистонга кейинги сафарларим давомида харид қилмоқчи бўлган буюмлар ҳақида ўйлаяпман: Риштондан чойнак, Марғилондан ипак шарф, икки-учта миниатюра расмлари...

Юқорида Ўзбекистонда илк бор бўлдим, деб ёздим. Битган шеърларим эса Ўзбекистонга сафарим тақдим қилган илҳом натижаларидир. Яна саёҳат учун имкон туғилганда бундан-да кўпроқ воқеликларни ўзимда туйиб, гувоҳи бўлиш иштиёқидаман. Термиздан Қорақалпоғистонгача, чўллардан ўтиб тоғларгача кезишни, Самарқанд осмонида нур сочаётган қуёш тафтида соатлаб ўтиришни кўнглимга тугдим.

 

Таҳририятдан: Эндрю Станиленд – инглиз лирик шоири. У ўз шеърларини мумтоз жанрда, замонавий руҳий амалиётдан илҳомланиб яратади. Эндрю 1959 йил Шеффилдда туғилган, Дарема университетида таҳсил олган.

Э.Станиленд қаламига пьеса, шеърий роман ва ҳикоялар тааллуқли. “Ёруғлик вазни”, «Руҳиятнинг гўзаллиги», «Янги шеърлар» тўпламлари нашр этилган. Қисқа метражли фильмларга сценарийлар ёзади, режиссёрлик фаолияти билан ҳам шуғулланади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net