Лейден университетида Шарқ мутафаккирларининг ноёб асарлари тўплами сақланмоқда – Н.Контовас

22.06.2020 15:44

БРЮССЕЛЬ, 22 июнь. /«Дунё» АА/. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети вакиллари билан Нидерландиянинг Лейден университети докторанти, туркий тиллар бўйича мутахассис Н.Контовас ўртасида видеоконференция шаклида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Ўзбекистон Республикасининг Бенилюкс мамлакатларидаги элчихонаси кўмагида ташкил қилинган тадбирда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Шарқ тиллари кафедраси профессор-ўқитувчилари, олим ва тадқиқотчилар иштирок этди.

Тадбир ўзбек тилида олиб борилди. Унда Н.Контовас сўз олиб, сўнгги йилларда АҚШ ва Туркиядаги олий ўқув юртларида туркий тилларни тадқиқ қилиш борасида олиб борилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Н.Контовас айни пайтда Нидерландиянинг Лейден университетида докторантура босқичида таҳсил олиб, «Туркий тиллар феъл тизимларининг бир-бирига таъсири натижасида содир бўладиган ўзгаришлар» мавзусида тадқиқот олиб бормоқда.

Тадқиқотчига кўра, у фаолияти давомида Ўзбекистонда нашр этилган илмий манбалардан кенг фойдаланиб келмоқда.

«?лмий ишим мавзуси ҳозирги Ўзбекистон ва унинг тарихи билан чамбарчас боғлиқ бўлгани боис изланишларимнинг маълум қисмини юртингизда амалга ошириш ва у ердаги кутубхоналарнинг бой манбаларидан фойдаланишни режалаштирганман», – дейди нидерландиялик олим.

Н.Контовас 2018 йилда мамлакатимизда уч ой мобайнида яшаб, илмий фаолият билан шуғулланди. Шу муддатда у ўзбек ва форс тилларининг замонавий ривожланиши ва уларнинг ўзаро таъсирини ўрганди.

Учрашувда, шунингдек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан Н.Контовас ўртасида илмий ҳамкорликни ўрнатиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Мамлакатимиз вакиллари нидерландиялик олимани жорий йил ноябрь ойида Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган «Маданиятлараро мулоқотда Шарқ тилларининг аҳамияти» мавзусидаги халқаро илмий конференцияга таклиф қилди.

Бундан ташқари, вебинарда замонавий тилшуносликнинг долзарб муаммолари, жумладан, Шарқ тилларини ўрганиш ва тарғиб қилиш, қадимий қўлёзмалардан фойдаланиш, Шарқ тилларининг ўзаро таъсири ва бошқа шу каби масалалар юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистонлик ва нидерландиялик олимлар мазкур йўналишларда эришган ютуқ, соҳа ривожида турган муаммоларга ечим топиш бўйича ҳам ўз қарашлари билан ўртоқлашди.

Онлайн учрашувда Ўзбекистон томони Н.Контовасга Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг талаба ҳамда тадқиқотчилари учун маърузалар ўқиш таклифини билдирди.

Ўз навбатида, нидерландиялик олима мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлади. Н.Контовас ўзбекистонлик олим ва тадқиқотчиларнинг Лейден университети талабалари учун маърузалар ўқишини ташкил қилишларига кўмак беришга тайёрлигини маълум қилди.

Н.Контоваснинг таъкидлашича, Лейден университети кутубхонасида туркий тилларда ижод қилган Шарқ мутафаккирларининг ноёб асарлари жамланган, Европадаги энг йирик тўпламлардан бири сақланмоқда. Томонлар кутубхоналарда сақланаётган нодир асарларни ўрганиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Европа кутубхоналарида сақланаётган бу каби қадимий қўлёзмалар соҳа олимлари томонидан алоҳида қизиқиш билан ўрганиб келинмоқда.

Видеоконференция якунида ўзаро ҳамкорликни давом эттириш, Шарқ тилларини ўрганиш соҳасида фаолият юритаётган олимларнинг илмий изланишларини биргаликда ташкил этишга кўмаклашишга келишиб олинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net