Лаззат Аханова: табиат икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни синамоқда

07.05.2020 15:05

ОЛМАОТА, 7 май. /«Дунё» АА/. Сирдарё вилояти Сардоба сув омбори тўғонидаги фалокат туфайли мамлакатимиз бир неча тумани ва Қозоғистоннинг Туркистон вилоятидаги аҳоли пунктлари сув остида қолди. Ўзбекистоннинг қўшни республикадаги туризм элчиси, санъатшунослик фанлари номзоди Лаззат Аханова фикрича, табиат бугунги кунда фаол ривожланиб бораётган икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларнинг нечоғлик мустаҳкам эканини синамоқда.

Лаззат АХАНОВА “Дунё” АА мухбири билан суҳбатда қуйидагиларни қайд этди.

– Тўғон бузилиши оқибатида Туркистон вилоятининг айрим қишлоқлари сув остида қолгани билан боғлиқ ҳолат жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда. Бундай вазиятда биз бой тарихга эга ўтмишимиз борлигини унутмаслигимиз керак. Ушбу қадриятлар туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар очилмоқда. Масалан, яқинда Буюк ипак йўлидаги тарихий шаҳарларни – Туркистон, Самарқанд, Бухоро ва Хивани бирлаштирган янги «Олтин майдон» сайёҳлик йўналиши тақдим этилди.

Шу боис икки томонлама муносабатларнинг жорий ҳолатини бузмаслик учун бир томонлама айбловлардан қочиш керак. Агар кимдир баҳорнинг кучли момақалдироқлари натижасида юзага келган техноген офат учун айбдор бўлса, улар жавобгарликка тортилишига аминман.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда кучли ёмғир туфайли эрозияга учраши мумкин бўлган барча гидроэлектростанциялар, тўғонлар ва иншоотлар тегишли давлат органлари томонидан текширувдан ўтказилмоқда.

Айни пайтда эса биз Ўзбекистон ва Қозоғистонда табиий офатдан жабр кўрган одамларга ёрдам беришимиз керак. Агар кимдир ёрдам беришга қодир бўлмаса, унда вазиятга сабр қилаётган инсонлар руҳини туширмасин. Кулфат одамларни ўзимники ёки бегона деган тоифаларга ажратмайди.

Давлатларимиз раҳбарларининг ҳаракатларига келсак, улар хавфли коронавирус пандемияси келтириб чиқарган қийинчиликларга қарамай, тошқин оқибатларини бартараф этиш учун барча имкониятларни ишга солаётганини кўрмоқдамиз.

Жиззах вилояти Дўстлик туманида 2018 йилда 45 кун давомида Манас қишлоғини қайта қурган Ўзбекистон тажрибаси бу ишларни яна такрор амалга ошириш мумкин эканига исбот. Қолаверса, Ўзбекистон ўтган вақт мобайнида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида мамлакатни ижтимоий барқарорлаштириш борасида катта тажриба тўплади.

Ўзбекистон раҳбари тўғон бузилиши билан боғлиқ ҳолатни изоҳлар экан, Қасим-Жомарт Тоқаев билан ҳозирги вазиятни «ўзаро тушуниш ва очиқлик руҳида» муҳокама қилганини таъкидлади. Ўзбекистон ҳукумати табиий офат оқибатида Қозоғистонга зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлигини қайд этди.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг чегараолди туманлари аҳолиси билан учрашувда одамга далда бўлувчи қуйидаги сўзларни айтганини ёдга олиш ўринли “Шароит яхши бўлмагунча биронта раҳбар кетмайди. Биронта хонадон, биронта одам эътиборсиз қолмайди”.

 

Директор С.Суяров

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net