Коронавирусдан уйда даволанаётган беморлар бепул дори-дармон билан таъминланади

17.07.2020 16:07

ТОШКЕНТ, 17- июль. «Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссиясининг йиғилиши ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Унда 15 июль куни мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифаларни ўз вақтида ва самарали бажариш масалалари муҳокама қилинди. Бу борада мутасадди вазирлик ва идораларнинг масъулиятини янада ошириш, раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. 

Махсус комиссия йиғилишида коронавирус инфекциясининг одамлар орасида кенг тарқалишининг олдини олиш ва ушбу касалликка чалинган беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, пандемия даврида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш узлуксизлигини таъминлаш, коронавирусга текширувларни тезкор ва самарали ташкил этиш ва беморларни керакли дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича биринчи галда қилинадиган ишларга эътибор қаратилди.

Комиссия йиғилишида коронавирусдан уйда даволанаётган беморларни бепул дори-дармон билан таъминлаш юзасидан қарор қабул қилиниб, уларга етказиб бериладиган дори-дармонлар рўйхати тасдиқланди.

Бундан буён коронавирус касаллигидан уйида даволанаётган беморларга “Гидроксихлорохин”, “Азитромицин”, “Парацетамол”, “Витамин С” каби дори-дармонлар ҳамда бир марталик тиббий ниқобларни белгиланган меъёрда, бепул етказиб бериш йўлга қўйилади. 

Коронавирус инфекцияси бўйича тест натижалари мусбат натижа берган ҳамда касаллик енгил кечаётганлиги сабабли шифокорлар тавсиясига асосан уйида даволанаётган беморлар мазкур тиббий воситалар билан бепул таъминланади.

Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда тегишли идораларга зудлик билан мазкур дори-дармонларнинг 50 мингта тўпламини шакллантириш ва уйида даволанаётган беморларга етказиб бериш тизимини йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net