Жанубий Кореядан чартер рейсда навбатдаги инсонпарварлик ёрдами олиб келинди

10.05.2020 12:35

ТОШКЕНТ, 10 май. /“Дунё” АА/. Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикасининг Жанубий Кореядаги элчихонаси томонидан коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича халқаро ҳамкорлик доирасида мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда умумий оғирлиги 34 тонна бўлган инсонпарварлик юки шакллантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 13 апрель куни Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ ?н билан телефон орқали мулоқоти чоғида эришилган келишувлар доирасида ташкил этилган мазкур кўмакнинг оғирлиги 6,2 тонна бўлган биринчи қисми мамлакатимизга 26 апрель куни олиб келинган эди.

10 май куни бортида умумий қиймати 192 минг долларга яқин тиббий воситалар шаклидаги навбатдаги инсонпарварлик юки ортилган “Uzbekistan Airways” компаниясининг чартер самолёти Тошкентга етиб келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мамлакатимизда Covid-19 кенг тарқалишининг олдини олишга мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Сеулдаги элчихонаси томонидан жалб қилинган ҳамкор мамлакат инсонпарварлик ёрдамининг умумий оғирлиги 8 тоннага яқин.

Қимматли юк таркибига автоматик бошқариладиган кўп функцияли тиббий каравотлар, антисептик ва дезинфекция воситалари, тиббий ниқоблар, инсон иммун тизимини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган озуқавий қўшимчалар киритилган.

?нсонпарварлик ёрдами Жанубий Кореянинг “BOMI Engineering”, “LH Corporation”, “Evergreen Motors”, “Infinity Co., Ltd.” компаниялари, Шинхан университети ҳамда ушбу мамлакатда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошлар ва ўзбекистонлик талабалар томонидан тақдим этилди.

Юк Корея Республикасининг ?нчеон халқаро аэропортида шакллантирилди. Шу ерда Ўзбекистон Республикасининг Жанубий Кореядаги элчихонаси масъуллари билан Корё университети профессори, анестезиолог-реаниматолог Юн Син Жу ўртасида мулоқот ташкил қилинди. Жанубий Кореялик шифокор мамлакатимизда эпидемия билан боғлиқ вазиятни назорат қилиш фаолиятини халқаро талаблар асосида олиб борилишини таъминлашда кўмаклашиш мақсадида жорий йил 26 апрель – 10 май кунлари мамлакатимизда бўлиб қайтган.

Юн Син Жу Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда пандемия оқибатларини бартараф этиш йўлида кўрилаётган кенг кўламли амалий чора-тадбирларга юқори баҳо берди.

Тиббий анжом ва воситалар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширилди. Улар мамлакатимизда карантин тадбирларини ташкил этиш, касалликларни аниқлаш ва даволаш, реабилитация тадбирларини амалга оширишда қўлланилади.

Қайд этиш жоиз, Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида юз берган вазият нафақат мамлакатимиз, балки халқаро ҳамжамият ва хориждаги ватандошлар томонидан катта қайғу билан қарши олинди. Ушбу офатдан зарар кўрган оилаларга ёрдам кўрсатишда Корея Республикасида вақтинча меҳнат фаолияти олиб бораётган юртдошларимиз фаол иштирок этмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 4 май куни элчихонамиз кўмагида, ватандошлар ташаббуси билан 18 минг 500 доллардан зиёд маблағ йиғилиб, сув тошқинидан жабр кўрган оилаларга кўмак кўрсатиш мақсадида “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармаси ҳисоб рақамига ўтказиб берилганди.

Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар ушбу хайрли акцияни давом эттириб, шу кунларда 26 минг доллардан зиёд маблағни жамлашга муваффақ бўлди. Бу кўмак ҳам “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамғармасига ўтказиб берилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net