?сроил ОАВларида: Ўзбекистонда жорий йилда 3 мингдан ортиқ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган

14.07.2020 09:39

ТEЛЬ-АВ?В, 14 июль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ўзгаришлар хорижда, хусусан, ?сроилда катта қизиқиш уйғотяпти, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Жумладан, ушбу мамлакатнинг «Бухарский вестник» ойлик журналида нашр этилган мақолалар фикримизга мисол.

Жорий йил май ойи охирида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида инвестициялар бўйича ўтказилган  видеоконференция натижаларига бағишланган мақолада мамлакатимизда 3 мингдан ортиқ лойиҳани ўз ичига олган 2020 йилга мўлжалланган инвестиция дастури қабул қилингани қайд этилган. Уларни амалга ошириш учун 235 триллион сўмлик капитал қўйилмаларни, шу жумладан 7 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилган.

Биринчи ярим йилликда коронавирус пандемияси билан боғлиқ иқтисодий ривожланишнинг пасайишини ҳисобга олган ҳолда, қисқа вақт ичида ўз самарасини берадиган ва иш ўринлари яратилишини ҳамда иқтисодий ўсишни таъминлайдиган лойиҳаларга устувор аҳамият берилади.

Йиғилишда ҳар бир соҳа ва ҳудудлар раҳбарлари бюджет томонидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларини қайта кўриб чиқиши ва харажатларни оптималлаштиришлари кераклиги қайд этилди.

Ўзбекистонда самарали инвестиция ҳамкорлигини йўлга қўйиш учун лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишнинг халқаро стандартларини жорий этилади. Келгуси йилдан бошлаб барча жараёнлар лойиҳалаштиришдан бюджет маблағлари ҳисобидан йирик объектларни фойдаланишга топширишгача халқаро стандартларга мувофиқ амалга оширилади, лойиҳалаштириш учун маблағ ажратишда чекловлар олиб ташланади.

Бу йил чет эл инвестицияларининг 34 фоизи нефть-газ, энергетика, тоғ-кон ва металлургия тармоқларига, 52 фоизи минтақавий лойиҳаларга тўғри келди.

Ўзбекистон ахборот технологиялари, заргарлик буюмлари, кимё, электротехника, олий таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига инвестицияларни янада жалб этишдан манфаатдор.

Фақат хорижий инвесторларга берилган имтиёзлар энди маҳаллий хусусий инвесторларга нисбатан ҳам қўлланилади. Масалан, маҳаллий тадбиркор агар қиймати 25 миллион доллардан ошадиган лойиҳани бошласа, бюджет ҳисобидан ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари уланади.

Уй хўжаликлари даромадларини кўпайтиришга йўналтирилган кичик инвестиция лойиҳаларига, шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларга алоҳида эътибор берилади.

Навбатдаги мақолада исроиллик ўқувчиларга Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга таъсирини юмшатиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида батафсил ахборот берилади.

Маълум қилинишича, Ўзбекистонда май ойининг биринчи ўн кунлигидан бошлаб чекловли карантин чораларини юмшатиш бошланган. Натижада 19 мингдан ортиқ (91 фоиз) саноат, 9 минг (76 фоиз) қурилиш, 51 минг (52 фоиз) хизмат кўрсатувчи ва 45 минг (44 фоиз) савдо корхоналари фаолияти тикланди.

Шу сабабли, май ойида солиқ ва божхона даромадлари ўтган ойнинг шу даврига нисбатан 230 миллиард сўмга кўпайди, қурилиш материаллари савдоси ва хомашё биржаларида эса 20 фоизга ошди.

Тижорат банклари томонидан берилган кредитлар ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 фоизга ошди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган зарур талабларга қатъий риоя қилган ҳолда, иқтисодий фаолиятни тиклаш бўйича аниқ мақсадли ишларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади.

Шу муносабат билан, мамлакатда тегишли чоралар кўрилмоқда. Хусусан, эпидемиологик вазият ёмонлашган ҳудудларда карантин тадбирларини кучайтириш, таҳлиллар сонини ошириш, тиббий муассасаларда, бозорларда, банклар ва одамлар гавжум жойларда карантин талабларини ошириш билан боғлиқ чоралар белгиланди, деб ёзади манба.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net