ТОШКЕНТ, 6 август. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг «Дунё» ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзА ўртасида ахборот алмашинуви бўйича англашув Меморандуми имзоланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Келишувга кўра, Ўзбекистон ва дунёда рўй бераётган воқеалар тўғрисида мунтазам холис ва долзарб ахборот узатиш ва алмашиш имкониятларини ошириш мақсадида икки агентлик ўртасида ахборот соҳасидаги ҳамкорлик янада кенгайтирилади.
Хусусан, ўзаро ҳамкорлик асосида Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ҳақидаги ахборотлар билан жамоатчиликни ўз вақтида хабардор этиш, хорижий мамлакатларнинг давлат ва жамоат арбоблари, эксперт ва таҳлилчилари, ОАВ вакилларининг мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан ўқувчиларни мунтазам таништириб бориш ишларини самарали ташкил этиш кўзда тутилган.
Ахборот агентликлари келгусида ахборот ва медиа соҳасида биргаликда янги лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш, халқаро мавзуни ёритишдаги ишлар самарадорлигини ошириш, ижодий ходимлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, медиа фаолият билан боғлиқ бошқа долзарб йўналишларда яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олди.