Россиядан келтирилган АТГ-01 ускунаси инсон ҳаёти ва унинг онгини сақлаб қолишга ёрдам бермоқда

20.02.2020 11:52

ТОШКЕНТ, 20 февраль. / “Дунё” АА/. Нафақат инсон ҳаётини, балки унинг онгини ҳам сақлаб қолиш жуда муҳим. Бусиз тўлақонли ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Бу борада Ўзбекистон инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ташаббуси билан  Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг нейрожарроҳлик бўлимида ўрнатилган  АТГ-01 ускунасидан фойдаланиб церебрал гипотермия усули  орқали  беморларга ёрдам берилмокда.

Ҳозирги пайтда мазкур инновацион ускуна Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмоқда. Марказда шифокорлар мазкур ускуна кўмагида ҳар куни инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун курашишяпти. Россиядан келтирилган замонавий ускунанинг имкониятлари хусусида бўлим мудири Хуршид Дадаевнинг фикрлари билан қизиқдиқ.

—Хуршид Ҳамиджанович, Миллий палата ташабусси бўлимига  синовдан ўтказиш учун Россиядан келтириб ўрнатилган «АТГ-01» ускунасидан қандай фойдаланилмоқда?

—Ускуна церебрал гипотермия усулини қўллаш мақсадида ўтган йилнинг октябрь ойида келтирилган эди. Ундан самарали фойдаланаяпмиз, яъни ускуна тўхтовсиз ишламоқда. Бугунгача 20 нафар бемор бу ускунадан ўтказилди.

—АТГ-01 ускунасини шифокорлар қандай ҳолатларда қўллашмоқда?

—Церебрал гипотермия усули, бошқача қилиб айтганда, мияни  жаҳон стандартлари талаблари асосида совутиш турли сабабларга кўра мияси жароҳатланган беморларга қўлланилади. Бу реанимациядан кейинги ҳолат, ишемик ва геморрагик инсульт бўлиши мумкин. Бундай беморларда мияда қон айланишининг бузилиши ва мия ишемиясининг ривожланиши, турли генезислари бўлиши мумкинлиги тахмин қилинади.

—Амалиёт АТГ-01 ускунасини беморларга қанча вақт қўллаш мумкинлигини кўрсатди?

—Бизнинг амалиётимизда АТГ-01 ускунаси мияни совутиш (гипотермия) жараёнида камида 48 соат тўхтовсиз ишлатилади. Беморнинг бошига ускунанинг махсус бош кийими (шлем) кийдирилиб, етти кеча-кундуз тўхтовсиз ишлатган пайтимиз ҳам бўлди.

— Бемор бу пайтда қандай ҳолатда бўлади?

—Ҳушсиз бўлади. Ҳушсиз ҳолат — беморнинг конгетив мия фаолияти жараёнлари бузилиши, онгнинг сусайиши, мияда юзага келган муаммолардан келиб чиқади. Бу вақтда бемор комада ёки сопор (онгнинг чуқур чарчаган ва мустақил равишда идрок эта олмайдиган ҳолати)да бўлади. Гипотермия усули мияни оғир асоратли ҳолатлардан сақлайди. Совутиш ёрдамида мия фаолияти яна ҳам сусайтирилади ва юз бериши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олди олинади.

—Сизнинг назарингизда АТГ-1нинг қўллашдаги инновация нимадан иборат?  

—Ушбу ускуна мияни тўғридан тўғри совутиш имкониятига эга. Кўпгина мамлакатларда бўлгани каби бемор организимига турли дори ва перепаратларни юбориш орқали, яъни инъекция ёрдамида бутун тана совутилади. АТГ-01 ускунасида эса махсус бош кийим (шлем) бор. У беморнинг бошига кийдирилади ва ташқаридан мия совутилади. Шлем орқали совутувчи модда юборилади ва шифокор томонидан назорат қилинади. Масалан, Цельсий шкаласи бўйича 35 даража белгилаб қўйилса, мия фаолияти сусаяди ҳамда бемор тинчланиб, дам олади. Бу бемор келиб тушгандаги ҳолатни ушлаб қолиш ва салбий оқибатлар юз беришини олдини олади. Бунда нафақат инсон ҳаёти, балки унинг онги ҳам сақлаб қолинади.

Яқинда бўлимга эҳтиётсизлик оқибатида пневматик қуролдан отилган ўқдан мия қисми жароҳатланган бемор келтирилди. Ўқ мияда қолиб кетган. Мияга жуда кўп миқдорда қон қуйилган бўлиб, бемор кома ҳолатига тушган. АТГ-01 ёрдамида биз унинг миясини қарийб 6 кеча-кундуз тўхтовсиз совутдик. Айни пайтда бемор ҳушига келган. У қайта тикланиш жараёнида.

Жонлантириш бўлимидан жавоб берилган. Ушбу беморимиз нафақат ҳушига келди, балки унинг онги ҳам бутунлай тикланди. Ҳозир у ён-атрофдаги гап-сўзларни тушунади, қариндошлари билан мулоқотда бўлаяпти. ?жтимоий кўникмалари тикланди. Демак, унинг нафақат ҳаётини, онгини ҳам сақлаб қолишга эришдик.

—Бу жараёнда сизча ушбу ускуна айнан нимага ёрдам берди?

—Ушбу ҳолатда биз менингоэнцефалитдан, яъни мияни шамоллаб қолишидан жуда хавотирда эдик. Мияда ёт жисмнинг бўлиши кўп ҳолларда менингоэнцефалитга олиб келади. Бу ҳолатда беморнинг соғайиш жараёни секин кечади. Яна бир карра такрорлайман, биз нафақат инсон ҳаётини, балки унинг онгини ҳам сақлаб қолишга эришдик. Шу орқали у тўлақонли ҳаётга физиологик ва ақлий жиҳатдан қайтиш имконига эга бўлди. Ҳар бир  инсон учун бу жуда  аҳамиятли масала. Биз шифокорлар эса жуда катта мувофаққият эришдик деб айта оламан.

Яна бир мисол. Яқинда бир аёлни бир неча турдаги жароҳатлар билан шифохонага олиб келишди. Унинг ўпкасидаги трамбоэйболия оқибатида юрак тўхтаб қолган эди. Биз уни беш дақиқа ичида жонлантириб, дарҳол АТГ-01 ускунасига уладик ва 72 соат давомида гипотермияни қўлладик. Ҳозирда у тўлиқ ўзига келган ва ҳолати яхши. Бўлимга ўтказишга тайёрлаяпмиз. Демак, натижаларимиз ёмон эмас.

АТГ-01 бемор ҳарорати мониторингини олиб бориш имконини ҳам  беради. Бунинг учун иккита датчик ўрнатилган бўлиб, улар ёрдамида гипотермия жараёни тўлиқ назорат қилинади.

?нновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси томонидан айнан шу ускунага эътибор қаратилганлиги айни муддао бўлди. Мазкур ускуна ёрдамида беморларни самарали даволаш борасида олдинга қадам қўйяпмиз.

?нсон мияси жуда нозик аъзо. Бекорга у бош чаноғи билан ҳимояланмаган. Шифокорлар тилида «терапевтик дераза» деган атама мавжуд. Бу – мия жароҳат олгандан кейинги дастлабки 6 соатдир. Шу вақт ичида  бир инсоннинг тақдири ҳал бўлади. Биз шифокорлар учун улгуриш жуда муҳим. АТГ-01 эса миянинг кейинги парчаланишининг олдини олади. Жабрланган беморни ҳаётга тўлиқ ва соғлом қайтариш имконини оширишига хизмат қилади.

Ўзбекистон инновацион соғлиқни сақлаш

миллий палатаси билан ҳамкорликда тайёрланди

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net