II Халқаро бахшичилик фестивали жорий йил Қорақалпоғистонда ўтказилади

25.01.2021 14:34

ТОШКЕНТ, 25 январь. /«Дунё» АА/. II Халқаро бахшичилик фестивали жорий йил апрель ойининг учинчи ўн кунлигида Қорақалпоғистонда ўтказилиши режалаштирилмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири ЎзА манбасига асосланиб.

Бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири Қалбай Турдиев маълум қилди.

II Халқаро бахшичилик фестивалининг очилиш маросими Нукус шаҳрида бошланиб, якуний қисми Мўйноқда бўлиб ўтади.

Вазирнинг таъкидлашича, бахшичилик фестивали ўтаётган бир вақтда Амударё тумани ҳудудида жойлашган Чилпиқ қалъаси атрофида Болалар фольклор ҳамда Тахтакўпир туманида «Қаратерен ирғақлари» номли ёшлар фестивали ҳам ташкил этилади.

Бахшичилик фестивалининг ўтказилишига доир масалаларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Жамол Носиров ва бошқа мутасаддилар Қорақалпоғистонда бўлиб, тадбир ўтказиладиган жойларни ўрганган.

Ҳозирги режага кўра, Нукус шаҳридаги “Отчопар” майдонида барча вилоятларнинг павильонлари ташкил этилади. Ҳудудларнинг миллий урф-анъаналари, бахшичилик санъати шу ерда қад ростлаган саҳналарда намойиш этилади.

Мўйноқда якуний қисмга бағишланган галаконцерт ўтказилиши ҳамда туман марказида ўтовлар қурилиб, олов атрофида бахши-жировлар ижросида концертлар уюштирилиши мўлжалланган. Хориждан келган сайёҳлар ва меҳмонлар Мўйноқда бир кун қолиб туманнинг сайёҳлик масканларига ташриф буюриши мумкин.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net