Ҳиндистонда ўзбек тилини ўқитишнинг келажаги порлоқ – ҳинд тилшуноси

03.12.2020 17:27

1991 йил дунё харитасида пайдо бўлган мустақил ва озод давлатлар орасида Ўзбекистоннинг ўзига хос ўрни бор. Мамлакат сиёсий, иқтисодий, маданий салоҳияти, саноати ва қишлоқ хўжалигининг ривожланганлиги бўйича Марказий Осиёда етакчи мавқега эга.

Ўзбекистон ва ўзбек халқи чуқур тарихий ва маданий илдизлари, бой маънавий мероси, миллий қадриятлари билан ҳам алоҳида эътиборга молик. Бинобарин, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Термиз, Фарғона ва бошқа кўплаб шаҳарлар дунё тамаддунининг илм-фан, тижорат ва маданият марказлари сифатида кенг эътироф этиб келинади.

Ўзбекистон заминида Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, ?мом Бухорий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк алломалар етишиб чиққан.

1991 йилдан бошлаб Ҳиндистон ва Ўзбекистон муносабатларида янги давр бошланиб, айни пайтда икки давлат ўртасидаги алоқалар тобора кенгайиб бормоқда.

Таъкидлаш лозимки, ўтган йиллар давомида машҳур ҳинд ёзувчи ва шоирларининг асарлари ўзбек тилига таржима қилинди. Шунингдек, етакчи ўзбек адибларининг асарлари ҳам ҳинд тилига ўгирилиб, нашр этилди.

?кки давлат кино ижодкорлари ўртасидаги алоқалар эса алоҳида эътиборга молик, десак муболаға бўлмайди. Ўтган йилларда улар томонидан биргаликда яратилган кўплаб фильмлар кино ихлосмандлари қалбидан чуқур жой олди. Ҳинд фильмларидаги жозибадор куй, қўшиқ ва рақслар ўзбек халқини ўзига ром этади. Бугун Ўзбекистонда ёшу қари ҳинд фильмларини мароқ билан томоша қилади. Жумладан, “Маҳабҳарат” сериали ўзбекистонликлар томонидан катта қизиқиш билан қарши олингани яхши маълум. Ҳинд маданиятига бўлган бундай чуқур ҳурмат ва эътибор биз, ҳиндистонликларда ҳам миннатдорлик туйғуларини уйғотган.

Айни пайтда икки мамлакат киноижодкорлари томонидан шоҳ ва шоир, буюк давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган телесериални суратга олиш ишларига киришилди. Бу фильм ҳам катта муваффақият қозонишига аминман.

Ҳиндистон ва Ўзбекистон ўртасида таълим соҳасидаги алоқалар ҳам жадал тараққий этиб бормоқда. Ўзбекистонлик талабалар Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши, Техник ва иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида мамлакатимиз олий ўқув юртларида таҳсил олаётган бўлса, кўплаб ҳинд йигит-қизлари Ўзбекистон олий ўқув юртларида турли мутахассисликлар бўйича ўқимоқда.

Ҳиндистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бўлмиш Амити ва Шарда университетлари филиалларининг Ўзбекистонда очилиши икки давлатнинг таълим соҳасидаги алоқаларида йирик воқеа бўлди. Шу билан бир қаторда, Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти Ноида халқаро университети базасида ўз филиалини ташкил этиш тўғрисида меморандум имзолагани таълим соҳасидаги ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлади.

Мен шу ўринда ҳинд халқини ўзбекистонликларнинг ҳаёти ва маданияти билан яқиндан танитиш мақсадида мамлакатимизда ўзбек тилини ўқитиш ишлари муваффақиятли йўлга қўйилганини ҳам алоҳида таъкидлашни истардим.

Пойтахт Деҳлидаги учта нуфузли олий ўқув юртларидан бири – 1920 йилда асос солинган Жамия Миллия ?сломия университетида 2004 йилдан бошлаб ҳинд талабаларига ўзбек тили ўқитилмоқда.

Дарҳақиқат, бизнинг университетимизда ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш тобора ўсмоқда. Буни ўзбек тили курси очилгандан бошлаб унга ажратилган ўринлар ҳинд ёшлари билан доимо гавжумлигидан ҳам билса бўлади.

Ўзбекистон сиёсий ва стратегик жиҳатдан дунёда муҳим ўрин эгаллайди. Шу боис Ҳиндистонда ўзбек тилини ўқитишнинг келажаги порлоқ. Ўзбек тилини ўрганиш орқали Ҳиндистон халқи нафақат ўзбекистонликлар қалбига йўл топади, балки минтақада ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантириш учун янги имкониятларга ҳам эга бўлади.

Шаҳид Таслим,

Жамия Миллия ?сломия университети

ўзбек тили ўқитувчиси, профессор.

“Дунё” АА, Деҳли

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net