Ҳиндистонда машҳур дизайнер Риту Бери «Ferghana Fantasy» либослар тақдимотини ўтказди

04.02.2020 17:17

ДЕҲЛ?, 4 февраль. /«Дунё» АА/.  Ҳиндистонда давом этаётган «Surajkund Mela» мода фестивалида Ўзбекистон ҳамкор мамлакат сифатида иштирок этмоқда. Унинг доирасида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги туризм ва маданият элчиси Риту Бери ижодига мансуб «Ferghana Fantasy» (Фарғона жилоси) тўплами намойиш этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Фарғонада авлоддан-авлодга ўтиб келаётган матоларни ишлаб чиқаришнинг ўзига хос анъаналари мавжуд. Риту Берининг ушбу тўпламлари Ҳиндистон ва Ўзбекистон маданиятларини уйғунлаштириш имконини берди. Кўргазмада намойиш этилган 30 та либос ҳинд матоларидан ва ўзбек ипагидан тикилган, турли хил кашталар ва сўзана нақшлари билан безатилган. Жозибали оҳанг остида тақдим этилган ҳашамдор либослар, замонавий ва миллий анъаналар уйғунлиги меҳмонларда катта таассурот уйғотди.

– Осиёдаги йирик фестиваллардан бири «Surajkund Mela»да «Ferghana Fantasy»нинг навбатдаги тўпламини тақдим этиш катта мамнуният бағишлади, – деди Риту Бери. – Ўзбекистонга бўлган муҳаббатим чексиз, Қўқон шаҳрида ўтган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида иштироким чоғида ранглар ва тўқимачилик, каштачилик, ипакчилик ҳамда заргарлик буюмлари усталарининг маҳорати ва ижод намуналари менда катта таассурот қолдирди. Халқларимизни умумий тарих, яқин урф-одат ва анъаналарга бўлган ҳурмат боғлаб туради. Бугунги кунда ушбу муносабатлар янги босқичга кўтарилмоқда. Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги маданият ва туризм элчиси сифатида Ўзбекистонга бағишланган янги тўпламимни тайёрлаб, уни тарихий Самарқандда тақдим этишни режалаштирганман.

Очиқ осмон остида ташкил этилган мазкур модалар намойишида мингга яқин меҳмон, шу жумладан, Ҳиндистон ҳукумати вакиллари, Харьяна штати маъмурияти вакиллари, дипломатлар, маданият ва санъат намояндалари, журналистлар иштирок этди.

– Ўзбекистон ва Ҳиндистон мероси унсурларини моҳирона уйғунлаштирган, ёрқин ва ранг-баранг либослар намойиши меҳмонлар томонидан илиқ қарши олинди, – деди Ҳиндистон туризм вазири ўринбосари Харяна Вижай Вардхан. – Риту Бери мода саноатида халқаро миқёсда тан олинган мутахассис. Бугун у ўз истеъдоди ва маданиятларни яқинлаштиришга бўлган садоқатини яна бир бор намоён этди. Рангин тўпламдан тортиб, тематик мусиқагача, кетма-кетликдан токи тақдимот чоғида айтилган афсонагача бўлган барча жиҳатлар юқори дид билан ташкил этилди. Мода санъати ёрдамида Ўзбекистон ва Ҳиндистон маданияти, санъати ўртасидаги асрий боғлиқликни яна бир бор ҳис қилдик.

Фестиваль 16 февралга қадар давом этади. Унда Ўзбекистон маданияти кунлари, ўзбек миллий ошхонаси ярмаркаси, мамлакатимиз маданий ва сайёҳлик салоҳиятини тарғиб этишга қаратилган тадбирлар ва миллий мусиқий спектаклларимиз тақдим этилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net