Ҳиндистон киноижодкорлари томонидан Фарғона, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида «Бобур» сериали суратга олинади

27.11.2020 13:15

ТОШКЕНТ, 27 ноябрь. /«Дунё» АА/. «Ўзбеккино» Миллий агентлигида Ҳиндистоннинг “WINGSPAN group” компанияси томонидан «Бобур» сериалини Ўзбекистонда суратга олиш бўйича меморандум имзоланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири агентлик манбасига таяниб.

Ҳинд киноижодкорлари томонидан Ўзбекистоннинг Фарғона, Самарқанд, Бухоро ва  Хоразм вилоятларида суратга олиш ишлари бўлиб ўтади. Ҳужжат Агентлик Бош директори Фирдавс Абдуҳолиқов, “WINGSPAN group” компанияси вакиллари Тасним Удайпурвала ва Нераж Рати иштирокидаги учрашув чоғида имзоланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги «Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 19 сентябрдаги қарорига мувофиқ, ҳинд киноижодкорлари учун «rebate» тизими жорий этилади.

«Бобур» сериалида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг болалик ва ўсмирлик даври, Афғонистондаги ҳукмронлиги, Бобурийлар сулоласига асос солиши, адабиёт оламида тутган ўрни ва ҳинд диёрида амалга оширган ислоҳотлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Мазкур сериал шоҳ ва шоир, давлат арбоби Бобур шахсини дунёга танитишда, шунингдек, сериалнинг мамлакатимиз ҳудудида суратга олиниши Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кўтаришда, халқлараро маданий алоқалар, дўстлик муносабатларининг яхшиланишига хизмат қилади.

Сериалнинг мамлакатимизда тасвирга олиш ишлари жорий йилнинг декабрь ойидан бошланиши режалаштирилган.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net