«Ғишткўприк» чегара божхона постига пресс-тур

11.02.2020 16:22

ТОШКЕНТ, 11 февраль. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси давлат божхона қўмитаси томонидан бир гуруҳ журналистлар, матбуот  ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Ғишткўприк” чегара божхона постига пресс-тур ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирдан кўзланган мақсад Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 7 ноябрда “Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси ҳақида жамоатчиликни кенг хабардор қилиш, чегара божхона постларида Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари учун яратилган шароит билан таништиришдан иборат.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ташаббус ва амалий ҳаракатлари  қўшни Қозоғистон билан ҳамкорлик алоқаларида ҳам янги даврни бошлаб берди.

Бу мамлакатларимиз фуқаролари ўртасида борди-келдини янада фаоллаштириб, қардошлик ришталарини мустаҳкамламоқда. ?қтисодиётга сармоя жалб этиш, товар айирбошлаш ҳажми ортишига имкон бермоқда.

Биргина мисол. Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида 2019 йилда ташқи савдо айланмаси ҳажми 3,4 миллиард долларни ташкил қилди. Бу 2018 йилга нисбатан 638 миллион долларга кўп.

Ўтган йили мамлакатимиздан Қозоғистонга 1 миллиард 487 миллион доллар қийматидаги 40 га яқин турдаги товар экспорт қилинган. Ўз навбатида, қўшни давлатдан Ўзбекистонга 1,9 миллиард долларлик 38 турдаги товар импорт қилинган.

Бу каби интилишлар ва иқтисодий алоқалардаги ижобий натижаларни таъминлашда чегара божхона постларида яратилаётган қулайлик ва шароитлар ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Масалан, Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара божхона постлари орқали 2019 йилда ҳаракатланган жисмоний шахслар 16 миллион 200 минг нафарни, автотранспорт воситалари сони эса 718 минг 100 тани ташкил қилган.

Айни пайда Ўзбекистонинг Қозоғистон билан чегара ҳудудларида 6 та чегара божхона постлари фаолият юритмоқда. Булар Қорақалпоғистон Республикасидаги «Доут ота», Тошкент вилоятидаги «Ғишткўприк», «С.Нажимов», «Навоий», «Яллама» ҳамда Сирдарё вилоятидаги «Сирдарё» чегара божхона постларидир.

Пресс-тур доирасида журналистларга «Ғишткўприк» чегара божхона постида ишни ташкил этиш, амалга оширилаётган янгиликлар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, 2019 йилда ушбу чегара божхона пости орқали 7 миллион 800 минг киши ҳаракатлангани қайд этилди, 141 мингта автотранспорт воситалари икки давлат чегараси бўйлаб ўтиб-қайтгани маълум қилинди.

Пресс-тур иштирокчиларига Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексининг 300-моддасига мувофиқ, халқаро шартномаларга асосан Ўзбекистон Республикаси билан эркин савдо зонасини ташкил этувчи ёки Ўзбекистон Республикаси эркин савдо режимини белгилаган давлатларда ишлаб чиқарилган ва ушбу давлатлардан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга нисбатан божхона божлари қўлланилмаслиги ҳақида маълумот берилди.

Айни пайтда 2011 йил 18 октябрдаги Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги Битимни қўллаш тўғрисидаги МДҲ Баённомаси қабул қилинган. Унга мувофиқ, Қозоғистон Республикасида ишлаб чиқарилган ва Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган товарларга нисбатан импорт божхона божини тўлашдан озод қилиш шаклидаги тариф преференцияси қўлланилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net