Гендер тенгликни таъминлаш комиссияси йиғилишида хотин-қизлар муаммоларини бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди

21.12.2020 15:12

ТОШКЕНТ, 21 декабрь. /«Дунё» АА/. Бугун Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири Олий Мажлис Сенати маълумотига таяниб.

Олий Мажлис Сенати Раиси, Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси раиси Танзила Норбоева раислигида бўлиб ўтган йиғилишда юртимизда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ва Комиссия ҳузуридаги «Нодавлат нотижорат ташкилотлар бирлашмаси»нинг жорий йилда олиб борган ишлари муҳокама қилинди.

Мулоқотда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, давлат бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш, улар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш борасидаги ишлар изчиллик билан олиб борилаётгани таъкидланди.

«Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан барча вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари фаолияти ташкил этилган.

Жорий йилдан бошлаб давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож қизларнинг билим олиш имкониятлари янада кенгайтирилиб, олий таълим муассасаларига 4 фоизли давлат грантлари ажратилди. Мазкур янги тизим асосида 2020 йил 950 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож қизлар ўқишга қабул қилинди.

Яна бир жиҳат. 2020 йилнинг ўтган даври давомида 166,3 минг нафар хотин-қиз доимий ишга жойлаштирилди. 31,1 минг нафари касбга ўқитилди, 48,4 минг ишсиз аёлларга ишсизлик нафақаси тайинланиб, ижтимоий муҳофазага олинди.

Шунингдек, йиғилишда мазкур йўналишда ўз ечимини кутиб турган қатор муаммолар мавжудлиги таъкидланди. Жумладан, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам қониқарли эмаслиги, оилавий ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган кредитларни мақсадсиз ишлатиш ҳолатлари аниқланган. Мазкур масала юзасидан тегишли вазирликлар раҳбарлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар масъулларининг ахбороти эшитилди.

Йиғилиш якунлари бўйича аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан билдирилган таклиф ва тавсиялар бўйича вазифалар белгиланди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net