Екатеринбургда “Ўзбек тили дўстлари” клуби ташкил этилди

26.02.2020 11:46

ЕКАТEР?НБУРГ, 26 февраль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консуллигида “Ўзбек тили дўстлари” клубининг таъсис йиғилиши ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбирда Свердловск вилояти расмийлари, ўзбек жамоат бирлашмалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда “Ўзбек тили дўстлари” клубининг мақсад ва вазифалари, ўзбек тили, маданияти ва миллий урф-одатлари, Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилишдаги аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Урал давлат педагогика университети доценти, педагогика фанлари номзоди А.Фишелева ўзбек халқи фольклори, тарихи, санъати, Ўзбекистон диёридан етишиб чиққан буюк алломалар ҳаётини ўрганишга Россия илмий доиралари алоҳида қизиқиш билан қарашини билдирди. У минтақадаги мактаб, университетларда Ўзбекистон ва ўзбек тилига бағишланган очиқ дарслар ўтказиш зарурлигини таъкидлади.

Свердловск вилоятида машҳур продюсер, режиссёр, актёр ва кўплаб лойиҳалар муаллифи А.Аксенов, ўз навбатида, маҳаллий ёшларнинг ўзбек тили, ўзбек халқи урф-одатлари ва маданиятига қизиқишини ошириш мақсадида Ўзбекистон театрлари билан Урал федерал округи ўртасида ҳамкорлик ўрнатишни таклиф қилди. Театр жамоалари сафарлари, қўшма концерт дастурлари, шеърият ва мусиқа кечалари, танлов, фестиваль ва бошқа форумлар Урал ва Ўзбекистон аҳолисини маънавий яқинлаштиришга хизмат қилишини қайд этди.

"Халқаро диаспоралар иттифоқи" ва "Грузин Сакартвело жамияти" жамоат ташкилотлари раҳбари Н.Чавлеишвили ушбу клубни ташкил этиш ғояси ўз вақтида амалга оширилганини таъкидлаб, Ўзбекистон – Грузия қўшма тадбирлари ўтказишга умид билдирди.

Европа – Осиё тадқиқотлари маркази директори, сиёсатшунос А.Русаковнинг фикрича, замонавий воқеликда одамлар ўзларини битта тил ва маданият доирасида чеклашни исташмайди. Балки бир неча тилларда сўзлашиш, турли минтақалар бўйлаб саёҳат қилиш иштиёқида яшайди. Бугунги кунда кўплаб россиялик ёшлар саёҳат учун Ўзбекистонни танламоқда. Шунинг учун у янги жамоат ташкилотига "Ўзбек дўстлари" клуби номини беришни таклиф қилган эди.

“Клуб таркибида "Ўзбек тили дўстлари", "Ўзбек музейи дўстлари", "Ўзбек театри дўстлари" каби гуруҳлар ҳам фаолият кўрсатиши мумкин”, – деди А.Русаков.

Анжуманда фаол тадбиркор Ш.Пўлатов интернетда ўзбек тилини ўрганишга имкон берувчи онлайн контент яратишни, ўзбек халқи тили, адабиёти ва маданияти бўйича видео дарслар ва маърузаларни жойлаштириб боришни таклиф қилди.

Айни пайтда "Whatsapp" ижтимоий тармоғида “Ўзбек тили дўстлари клуби” гуруҳи ташкил қилинди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net