ДХХ божхона постидаги жиноий гуруҳни қўлга олди

27.01.2021 11:38

ТОШКЕНТ, 27 январь. /«Дунё» АА/. Давлат хафсизлик хизмати божхона постидаги жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири ЎзА манбасига асосланиб.

ДХХ ходимлари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида Хитой давлатидан Қозоғистон орқали мамлакатимизга импорт товарларини ташиш билан шуғулланувчи автофура ҳайдовчиларининг Тошкент вилоятида жойлашган «Яллама» чегара-божхона пости орқали ўтиши жараёнида божхона расмийлаштирувини тезлаштиришни баҳона қилиб, улардан товламачилик йўли билан пул ундириб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида, мазкур жиноий гуруҳ сохта ҳужжатлар ёрдамида товар-моддий бойликлар импорти билан ҳам шуғулланганги аниқланди.

Ўтказилган тезкор тадбирда гуруҳ аъзоларига тегишли бўлган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 6 та манзилда тинтув тергов ҳаракатлари амалга оширилди. Натижада, улардан 410 минг АҚШ доллари, турли кўринишдаги 21 дона сохта муҳр ва штамплар, компьютер техникаси ҳамда божхонага оид шубҳали ҳужжатлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг икки нафар етакчисига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Шунингдек, тергов ҳаракатлари доирасида гуруҳ фаолиятига алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net