ДХХ 3 миллион 720 минг АҚШ доллари олаётган шахсни ушлади

21.01.2021 14:43

ТОШКЕНТ, 21 январь. /«Дунё» АА/. ДХХ 3 миллион 720 минг АҚШ доллари миқдорида пора олаётган шахсни ушлади, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири ЎзА маълумотига асосланиб.

Бугун мамлакатимизда ердан унумли фойдаланиш, фермер ва тадбиркорлар учун етарли шароитлар яратиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.

Бироқ айрим қўштирноқ ичидаги ишбилармонлар бундай имкониятларни суиистеъмол қилиб, давлат томонидан ажратилган ерларни бошқа бировга ноқонуний сотишга ҳаракат қилмоқда.

Қибрайлик тадбиркорнинг боғдорчилик ва чорва молларига яйлов учун ер ажратилишини сўраб, ўзи яшаётган туман ҳамда Тошкент вилоятининг бошқа туманлари ҳокимликларига қилган мурожаатлари кутилган натижани бермайди.

Шунда унинг муаммосидан хабар топган Тошкент вилоятида фаолият юритувчи чорвачиликка ихтисослашган «Asiyan Milk Best» масъулияти чекланган жамият раҳбари «Т.Қ.» ушбу жамиятга тегишли Қуйичирчиқ туманидаги 360 гектар суғориладиган ерни ва ҳозирда норасмий фойдаланиб келаётган туман захирасидаги 100 гектар ерни унинг номига ўтказиб беришини айтиб, эвазига 3 миллион 700 минг АҚШ доллари сўрайди. Шунингдек, бу ишларни расмийлаштириб бериш учун Қуйичирчиқ тумани ҳокимлигидаги мансабдор шахсга беришини айтиб, яна 20 минг АҚШ доллари талаб қилади.

ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида “Т.Қ.” тадбиркордан 3 миллион 720 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net