Давлат хизматлари агентлиги Сардоба жабрланувчиларига ҳужжатларни тиклашга ёрдам беради

03.05.2020 19:11

ТОШКЕНТ, 3 май. /«Дунё» АА/. Сирдарё вилоятининг Сардоба тумани ҳудудида содир бўлган фожиа минглаб инсонларнинг бошпанасиз қолишига сабаб бўлди.

Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 22 та аҳоли пунктларидан 70 мингга яқин фуқаро Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳудудига эвакуация қилинган.

Эвакуация туфайли аксарият фуқаролар зарур ҳужжатларсиз қолишган.

Ҳозирги вақтда Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилояти бошқармаси мутахассислари ҳужжатлари йўқолган фуқаролар рўйхатини шакллантирмоқда.

Хусусан, Жиззах олимпия захиралари мактаб-интернати ётоқхонасига жойлаштирилган 239 нафар Оқолтин тумани аҳолисининг 32 нафарида туғилганлик, никоҳ қайд этилганлик гувоҳномалари, фуқаролик паспорти, кадастр ҳужжатлари йўқолганлиги аниқланган.

Уларга Давлат хизматлари марказлари томонидан экстерриториаллик тамойили асосида мазкур ҳужжатлар қайта расмийлаштириб берилади.

Кеча Арнасой, Дўстлик, Мирзачўл, Пахтакор, Ғаллаорол туманлари ва Жиззах шаҳрига Сирдарё вилоятида яшайдиган 11 мингга яқин фуқаро эвакуация қилинган.

Давлат хизматлари агентлиги Матбуот хизмати хабарига кўра, дастлабки маълумотларга кўра, бугуннинг ўзида 1 минг 600 дан ортиқ фуқаронинг паспорт, гувоҳнома ва бошқа ҳужжатлари мавжудлиги юзасидан мониторинг ўтказилди. Шундан 292 фуқаронинг 94 нафарида паспорт, 134 нафарида туғилганлик, 64 нафарида никоҳни қайд этиш гувоҳномаси мавжуд эмаслиги маълум бўлди.

Мониторинг ишлари давом эттирилмоқда.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net