Британиянинг “Telegraph” газетасида Ўзбекистон ҳақида мақола чоп этилди

25.02.2020 11:05

ТОШКЕНТ, 25 февраль. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг машҳур “Telegraph” газетасида Сара Уилернинг Буюк ипак йўлида жойлашган қадимий Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарлари бўйлаб саёҳати ҳақида мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Журналист Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида сўз юритаркан, мамлакатимизни шу кунга қадар етарлича кашф қилинмаган "Ёрқин нур тараладиган диёр", дея таърифлайди.

Муаллифнинг Ўзбекистон билан яқиндан танишиш мақсадидаги сафари Самарқанддан бошланади. Шоҳи Зинда мажмуасида бўлган Сара Уилер мақбаралардаги маржон-яшил ранглар жилосини тасвирлаб, ўқувчини меъморий иншоотлар деразаларидан тушаётган қуёш нурининг ғишт қопламаларда товланишидан завқланишга таклиф қилади.

Хусусан, мақолада шундай келтирилади: “Қусам ибн Aббос мақбарасидан чиқаркансиз, олдингизда Шоҳи Зинда мажмуасининг узун йўлаги кўз ўнгингизда намоён бўлади. Темурийлар меъморчилиги дунёда бетакрордир. У ўз гўзаллиги билан сизни мафтун этмай қолмайди. Самарқандда, шунингдек, Aмир Темурнинг нефрит тошли, гумбазсимон фризлар билан ўралган ва нақшлар туширилган мақбараси ҳам бор”.

Британиялик муаллиф Регистонни улуғворлик касб этган мадрасалар майдони, унинг Шимоли-Шарқида жойлашган Биби Хоним мақбарасини эса ранглар мўъжизаси, деб таърифлайди.

Шундан сўнг сайёҳ Бухорода бўлиб, шаҳар манзараси ва Сомонийлар мақбараси билан танишишни бошлайди. Унинг қайд этишича, тонг саҳарда мақбара ғиштлари аниқ акс этиб, оққиш рангда жилоланади.

“Мақбарадан унча узоқ бўлмаган масофада ҳайратланарли Минораи Калон жойлашган. Бухоро узоқ йиллар давомида Марказий Осиёнинг илм-фан, диний ва маданий маркази бўлиб келган", – дейди журналист.

Унинг қайд этишича, ҳафтанинг ҳар жума куни 10 минглаб бухороликлар ибодат қилиш учун Пойи Калон мажмуасига келади. Ҳозирги кунда бу ерга ташриф буюрган инсонлар мадрасада таҳсил олиб, келгусида имомликка тайёрланаётган ёшларни кўриши мумкин.

Хива британиялик сайёҳнинг Ўзбекистон бўйлаб сафари йўналишида сўнгги манзилдир.

"?чан-Қалъа мажмуасининг баланд деворлари ботаётган қуёш нурида оч-сарғиш рангда намоён бўлади. Бу ерда одамлар кечки маҳал юлдузларга тўла осмон остидаги мадрасалар оралаб сайр қилади", - дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашади С.Уилер.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net