Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул 1 йиллик тайёрлаш тизими тўлиқ жорий этилади

14.03.2020 10:30

ТОШКЕНТ, 14 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида «Қонунчиликдаги янгиликлар» мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё»АА мухбири.

Соҳа мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги «Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти ва аҳамияти бўйича тушунтириш берилди.

Мазкур қарорга мувофиқ, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул 1 йиллик тайёрлаш тизими тўлиқ жорий этилади.

Мактабгача таълим вазирлигининг бу борадаги асосий вазифалари белгиланди. Жумладан, вазирлик мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болалар учун тайёрлов гуруҳларини шакллантиради.

Тайёрлов гуруҳлари учун ўқув йили 2019/2020 ўқув йилида 2020 йил 10 мартдан бошланди ва 20 августда тугайди. 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб эса ҳар йили 2 сентябрдан бошланади ва кейинги йилнинг 25 майида тугайди.

Боғчалар томонидан ҳамда улардан ташқари ташкил этиладиган тайёрлов гуруҳлари тарбияланувчилари бошланғич таълимга тайёргарликдан ўтган, деб ҳисобланади ва мажбурий бепул 1 йиллик тайёрловдан озод этилади.

Бунда ушбу муассасаларда тайёргарликдан ўтган болаларга бошланғич таълимга мажбурий 1 йиллик тайёрловдан ўтганлик тўғрисида давлат намунасидаги сертификат берилади.

Анжуманда, шунингдек, якунига етаётган ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган 10 га яқин қонун ҳужжати ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда иштирок этган журналистлар ушбу қонун ҳужжатлари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга вазирлик мутасаддиларидан батафсил жавоб олди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net