Божхона маъмуриятчилиги ва транспорт тармоғини ривожлантириш Женевада тақдим этилди

10.02.2020 13:39

ЖЕНЕВA, 10 февраль. /"Дунё" АА/. Женевада Давлат божхона қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Халқаро автомобиль ташувчилар уюшмаси ва Ўзбекистоннинг Швейцариядаги доимий ваколатхонаси вакилларидан иборат мамлакатимиз делегацияси БМТ Европа иқтисодий комиссияси транспорт ва божхона масалалари бўйича ишчи гуруҳининг Халқаро автомобиль транспорти китобчаси​​дан фойдаланган ҳолда халқаро юк ташиш тўғрисидаги Божхона конвенцияси бўйича Маъмурий қўмита 72-сессияси масалаларига алоқадор 154-йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда “Дунё” АА мухбири хабар бермоқда.

Мамлакатимизнинг Женевадаги доимий ваколатхонаси маълумотига кўра, Халқаро автомобиль транспорти китобчаси​​дан фойдаланган ҳолда халқаро юк ташиш тўғрисидаги Божхона конвенцияси 1975 йилда БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси шафелигида қабул қилинган. Ундан кўзланган мақсада чегараларни кесиб ўтиш жойларида юкларни расмийлаштириш тартибини соддалаштириш имконини берадиган товарлар ташиш тизимини яратишдан иборат. Ҳозирги кунда 76 мамлакат ушбу конвенцияни ратификация қилган.

Тадбирда мамлакатимиз делегацияси Ўзбекистонда ташқи иқтисодий фаолият тизимини ислоҳ қилиш, божхона маъмуриятчилигини либераллаштириш ва транспорт саноатини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Мажлисда савдони енгиллаштириш бўйича қатор масалалар муҳокама қилинди. Халқаро транзит трафикни амалга оширишда шаффофлик, савдо ва чегаралар орқали товарлар хавфсиз ҳаракатланишини таъминлайдиган қоғозсиз фойдаланиш ҳуқуқий асоси сифатида Конвенциясига 11-илова қабул қилинди.

Мутахассислар фикрига кўра, ушбу иловани самарали амалга ошириш юк ташувчиларга Халқаро автомобиль транспорти китобчаси билан боғлиқ харажатларни камайтиришга имкон беради. Шу билан бирга, савдо битимлари нархини пасайтиради, ички ва минтақалараро савдонинг тез суръатлар билан ўсишига ёрдам беради.

Женевада, шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи бош котиби Умберто де Претто билан учрашув ўтказди. Унинг доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси билан Халқаро автомобиль транспорти иттифоқи ўртасида имзоланган Ҳаракатлар режасини амалга ошириш, Халқаро автомобиль транспорти тартибини рақамлаштириш бўйича синов лойиҳасини амалга оширишнинг кейинги босқичлари юзасидан фикр алмашилди.

Умберто де Претто мамлакатимизнинг “е-TIR” лойиҳасини амалга оширишдаги саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолаб, 2020 йил охиригача Ўзбекистонда 2020 йил якунига қадар ушбу тизимни жадал жорий этиш учун барча зарур техник ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net