Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан китобхонлик танлови ўтказилди

12.02.2021 10:07

ТОШКЕНТ, 12 февраль. /«Дунё» АА/. Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим, йирик давлат арбоби ва буюк саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топганининг 538 йиллигига бағишланган тадбирлар ташкил этилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бобур кенг дунёқараши, етук ақл-заковати, Бобурийлар сулоласига асос солган, буюк давлат арбоби сифатида тарихда ном қолдирган. У, шунингдек, сержило ўзбек тилида ёзилган “Бобурнома” асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Сен ҳам соғингайсен меҳру-вафо бирла” мавзусидаги китобхонлик танлови ташкил этилди.

Унда бобуршунос олимлар, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзолари, Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессор-ўқитувчилари, Республика миллий маданий марказлар раҳбарлари ва фаоллари, талаба ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Китобхонлик танловининг мақсади – қадимий ва бетакрор диёримиздан етишиб чиққан буюк аллома, адиб ва саркарда Бобурнинг бой маънавий меросини, умумбашарий тамаддун, маданият, дунёвий ва диний илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган ноёб асарларини келгуси авлодларга етказиш, унинг нодир меросини, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларимизни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдан иборат бўлди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳулкар Ҳамроеванинг “Бобурнинг ҳаёти ва ижоди инсонни комилликка етакловчи улкан маънавий меросдир”, Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Боқижон Тўхлиевнинг “Бобур ва бобурийларнинг жамиятда миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликни таъминлашдаги улкан тарихий мероси”, ушбу олий ўқув юрти профессори Адҳамбек Алимбековнинг “Бобурнинг босиб ўтган йўлидаги географик жой номлари ва таҳлили”, А.Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Гулбаҳор Ашурованинг “Бобур ва бобурийлар меросининг ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги аҳамияти” мавзуларидаги маърузалари тингланди.

Маърузачилар Бобурнинг  гўзал хулқ-атвор эгаси бўлгани, шижоат, ҳалоллик, вафодорлик, сабр-тоқат, ҳиммат, адолат, раҳм-шафқат каби ҳислатларни ўзида мужассам этгани, бу  ҳислатлар  унинг  ижодида ҳам   ўз ифодасини топганини қайд этди. 

Бобур асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилиниб, қайта- қайта нашр этилмоқда, севиб ўқилмоқда, мутолаа қилинмоқда.

Ўтказилган китобхонлик танлови ёшлар онгида Ватанимиз тарихи, миллий ва умуминсоний қадриятлар, ижтимоий ҳаёт ҳақидаги тушунча ва билим-кўникмаларини янада юксалтириш, миллий адабиётимизнинг дурдона асарларини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш орқали халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли авлодни шакллантиришга хизмат қилади.

Тадбир доирасида талаба ёшлар ижросида Бобур ғазалларидан намуналар ўқиб берилди. ?штирокчилар танлов шартлари асосида ўз билимини синовдан ўтказди. Жараён ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона баҳолаб борилди.

Танлов ғолиблари ташкилий қўмитанинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net