БМТ: Уч йил ичида тиббий муассасаларга ҳужумлар натижасида минглаб шифокор ҳамда беморлар ҳалок бўлди ва жароҳат олди

05.08.2021 15:05

НЬЮ-ЙОРК, 5 август. /«Дунё» АА/. Женевада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги маърузасини тақдим этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири БМТ янгиликлар маркази ахборотига таянган ҳолда. 

Унда тиббий муассасаларга уюштирилган ҳужумлар бўйича олиб борилган тадқиқотларнинг натижалари ўз ифодасини топган. 

Мазкур маърузада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотида тузилган тиббий муассасаларга ҳужумларни кузатиш тизимининг маълумотлари, муҳим далил ва рақамлар акс этган.

Қайд этилишича, тўқнашувлар гирдобида бўлган Сурия, Яман, Мьянма, Марказий Африка Республикаси сингари жаҳоннинг 17 мамлакатида тиббий муассасаларга ҳужум қилиш ҳоллари қайд этилган. Тадқиқотларда ёзилишича, ҳар олти ҳолатдан бирида ҳужумлар тиббий ходим ёки беморнинг ҳалок бўлишига олиб келган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан маълум қилинишича, кейинги 3 йил давомида ана шундай ҳужумлар натижасида 700 нафардан зиёд тиббий ходим ва бемор ҳалок бўлган, 2 мингдан ортиқ киши жароҳат олган.

Маърузада таъкидланишича, бундай ҳодисалар  тиббиёт ходимларининг руҳий ҳолатига ва уларнинг ўз ишларига бўлган муносабатига салбий таъсир кўрсатмоқда. Маҳаллий аҳоли эса бундай ҳужумлардан сўнг тиббий муассасалардан ўзларини олиб қочмоқда, ҳатто зарур бўлган ҳолларда ҳам шифоркорларга мурожаат қилишмаётир.

Маълум бўлишича, тақдим этилган ушбу маъруза тиббий муассасалар ва табобат ходимларига уюштирилган ҳужум ҳоллари бўйича биринчи глобал тадқиқот ҳисобланади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net