Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги Ўзбекистон – БМТ ҳамкорлиги 26 июнда муҳокама қилинади

18.06.2020 12:49

ТОШКЕНТ, 18 июнь. /“Дунё” АА/. Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш йўлидаги Ўзбекистон – БМТ ҳамкорлиги масалалари 26 июнда бўлиб ўтадиган халқаро онлайн-форумда муҳокама қилинади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири ?нсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази манбасига асосланиб.

Ушбу анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, Ташқи ишлар вазирлиги, ?нсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташаббуси билан ташкил этилмоқда.

Халқаро онлайн-форум Ўзбекистон томонидан «БМТ 75 ёшда: келажакка нигоҳ» мавзусида ташкил қилинадиган глобал мунозаралар туркумининг дастлабкисидир.

Тадбирда Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва бошқалар ўз маърузалари билан иштирок этиши кутилмоқда.

Мунозараларда Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик истиқболлари, мамлакатимизда Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш борасида эришилган натижалар, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишнинг инсон ҳуқуқларига тааллуқли масалалари ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилади.

«БМТ 75 ёшда: келажакка нигоҳ» туркуми Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топганига 75 йил тўлиши муносабати билан эълон қилинган «БМТ75» глобал ташаббусининг узвий қисмидир.

Бугунги кунда глобал ташаббус инсоният кўплаб муаммоларга дуч келаётган бўлишига қарамай, истиқболда ер юзида тинч ва фаровон ҳаётга эришиш учун қандай омиллар муҳим аҳамият касб этиши юзасидан халқаро мулоқот ва мунозаралар ўтказишни кўзда тутади.

Шу муносабат билан БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш баёнот бериб, жумладан, олдимизда турган муаммоларни ҳеч бир мамлакат, ҳеч қайси жамият якка ҳолда ҳал эта олмаслиги, шунинг учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини қайд этди.

Бош котиб халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилар экан: "Биз нафақат сўзлашимиз, балки тинглашимиз ҳам лозим. Бу мулоқотда ҳар бирингизнинг иштирок этишингиз муҳим. Биз сизнинг муносабатингизни билишни истаймиз, дунёдаги барча одамлар ҳаётини қай тариқа яхшилашимиз мумкинлиги юзасидан қандай фикрда эканингиздан хабардор бўлишни хоҳлаймиз", дея таъкидлади.

Мулоқот иштирокчилари томонидан илгари суриладиган ғоялар 2020 йил сентябрида давлатлар раҳбарлари ва БМТ раҳбарияти муҳокамаси учун тақдим этилади. Ўзбекистон томонидан ташкил этилаётган глобал мунозаралар туркуми БМТ Бош котибининг чорловига жавоб ва БМТ Глобал ташаббусига қўшиладиган ҳисса ҳисобланади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net