Афғонистон Олий суди раиси ўринбосари: одил судловни таъминлаш бўйича Ўзбекистон тажрибасини оммалаштириш мақсадга мувофиқ

31.08.2020 15:16

КОБУЛ, 31 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Афғонистондаги элчихонаси томонидан ушбу давлат Олий суди раиси ўринбосари Абдулқодир Адолатхоҳ билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берилди.
Суҳбат давомида А.Адолатхоҳ “Дунё” АА мухбирига интервью бериб, Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасидаги ишларни алоҳида қайд этди.
– Ҳуқуқшунослик бўйича таҳсилни Тошкентда олганман ва бундан фахрланаман. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ишлар ва амалга оширилаётган ислоҳотларни диққат билан кузатиб боряпман. Бу борадаги ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга кўтарилди. 
Мен судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини ошириш бўйича 2020 йил 24 июль куни қабул қилинган Президент фармонини жуда катта қизиқиш билан ўқиб чиқдим. 
Судлов тизимининг тубдан ислоҳ қилиниши, кўплаб ноҳақ айбланган ва озодликдан маҳрум этилганларнинг оқланиши, суд ҳимоясини таъминлашдаги ортиқча бюрократик тўсиқлар олиб ташланаётгани, судьялик лавозимига бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда ҳар томонлама муносиб кадрлар тайинланаётгани таҳсинга сазовордир. 
Судлов жараёнида ва инсонлар тақдирини ҳал этишда маҳалла ва жамоатчилик ролининг оширилаётгани ҳам ижобий ютуқлардан биридир.
Шу муносабат билан айтиш мумкинки, одил судлов бўйича Ўзбекистон тажрибасини Афғонистон ва бошқа мамлакатларда ҳам оммалаштириш мақсадга мувофиқдир.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net