?ТСВ: Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ривожлантириш бўйича вазифалар белгилаб олинди

09.02.2022 15:28

ТОШКЕНТ, 9 февраль. /«Дунё» АА/.  Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раҳбарлигида 7 февраль куни Нукус шаҳридаги студиядан видеоконференция тарзида Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

?нвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (?ТСВ)  томонидан маълум қилинишича, унда вазирликлар, идоралар, тармоқ бирлашмалари ва тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, республика туман ва шаҳар маҳаллий ҳокимият органларининг раҳбарлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси раҳбарияти иштирок этди.

Йиғилиш давомида жойлардаги мавжуд вазиятни таҳлил қилиш, аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммо ва эҳтиёжларини аниқлаш мақсадида олдинроқ вилоятга юборилган ишчи гуруҳлар фаолияти ўрганилди. Хусусан, гуруҳлар макроиқтисодий таҳлил ўтказиш, таркибий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнини ўрганиш, бизнесни қўллаб-қувватлаш масалалари, инвестициявий ва ташқи савдо фаолияти, камбағалликни қисқартириш, қурилиш ва инфратузилмавий ривожланиш, ижтимоий соҳани, аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш каби йўналишларда иш олиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг ҳудудга амалга оширилган сўнгги ташрифлари чоғида берилган кўрсатмаларининг ижроси ҳам мониторинг қилинмоқда.

Гуруҳ раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди, маҳаллалар кесимида аниқланган масалалар рўйхатини маромига етказиш ва уларни тезкор ҳал этиш механизмлари бўйича кўрсатмалар берилди. Аввало, бу масалалар ижтимоий инфратузилма объектларининг коммунал инфратузилмасини такомиллаштириш, янги иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш зарурати билан боғлиқ.

Маҳаллаларда янги иш тизимини жорий этиш жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди. Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ва туманларига бириктирилган вазирлик ва идоралар, тижорат банкларининг масъул раҳбарларига ишга солинмаган иқтисодий имкониятларни аниқлаш, тадбиркор ва экспортчиларни амалий қўллаб-қувватлаш бўйича келгусида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш мақсадида туман ва шаҳар ҳокимлари бошчилигидаги “лойиҳа гуруҳлари”нинг маҳаллалардаги ҳокимлар ёрдамчилари билан ҳамкорлигини кучайтириш топширилди.

Жами бўлиб Қорақалпоғистон Республикасининг 2022 йилга мўлжалланган ҳудудий инвестиция дастурида умумий қиймати 332,1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 811та лойиҳа амалга оширилиши ва натижада 14737 янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Қорақалпоғистон Республикасининг тегишли туманларига “Қорақалпоғистонда бизнес қилиш” тамойили асосида бириктирилиши доирасида Ўзбекистон вилоятларининг раҳбарлари томонидан амалга оширилган ишлар алоҳида тартибда кўриб чиқилди. Бугунги кунга қадар жами 264 миллион долларлик 350 лойиҳа шакллантирилиб, бунинг натижасида 14,6 мингта янги иш ўрни яратилиши режалаштирилгани таъкидланди. Шундан умумий қиймати 89 миллион долларга тенг бўлган 204 лойиҳа янги саноат корхоналарини ташкил этишга қаратилган. Лойиҳаларни амалга оширишнинг тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, кооперация алоқаларини ўрнатиш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар экспортини ташкил этиш масалаларини ҳисобга олган ҳолда қурилаётган объектларни ишга туширишни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар режасини шакллантириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Йиғилиш якунида вазирлик ва идоралар раҳбарларига муҳокама қилинган масалалар ва вазифаларни самарали амалга ошириш бўйича қўшимча топшириқлар берилди. Келгуси ҳафта давомида ишчи гуруҳлар ҳудудда ўз фаолиятларини давом эттиради.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net