ЮНКТАД Ўзбекистон иқтисодиётидаги ижобий ўзгаришларни қайд этди

17.06.2020 12:17

ЖEНEВА, 17 июнь. /«Дунё» АА/. БМТнинг Савдо ва ривожланиш бўйича конференцияси (ЮНКТАД) "Пандемиядан кейинги халқаро ишлаб чиқариш" сарлавҳаси остида глобал инвестициялар тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилди. Унда Ўзбекистон иқтисодиётидаги ижобий ўзгаришлар ҳам акс этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистонга 2019 йилда жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий сармоялар ҳажми уч баравар ортиб, 266 фоизни (2,3 миллиард доллар) ташкил қилди. Компанияларнинг капитал қўйилмалари ҳажми даромадларни қайта инвестициялаш билан бирга 231 фоизга ўсиб, 2,1 миллиард долларга этди.

ЮНКТАД фикрига кўра, тўғридан-тўғри хорижий сармоялар оқимининг бир қисми амалга оширилаётган кенг кўламли нефть ва газ лойиҳалари билан боғлиқ. Бундан ташқари, хорижий компаниялар иштирокида саноатнинг турли соҳаларида, жумладан, кимё, тўқимачилик ва электр энергетикасида қатор муҳим инвестиция лойиҳалари амалга оширилди.

Ҳисоботни ишлаб чиқувчилар, шунингдек, яқинда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича республикада амалга оширилган чораларни ҳам алоҳида қайд этишди. Хусусан, Ўзбекистонда якка тартибдаги хусусий шерикларга солиқ имтиёзларини беришни кўзда тутувчи давлат-хусусий шериклик муносабатларини тартибга солишнинг янги қонуний асослари яратилгани, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Хорижий инвесторлар кенгаши ташкил этилгани, инвестицияларни жалб қилишни осонлаштириш мақсадида "ягона ойна" тамойили жорий қилингани ва инвестор ва давлат ўртасидаги низоларни ҳал этишнинг кўп қиррали механизми татбиқ этилгани таъкидланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг "Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди, маълум талаблар бажарилганда меҳмонхоналар қураётган инвесторларга субсидиялар бериш дастури ишга туширилди ва 64 давлат корхоналари, шу жумладан энергетика соҳасида хусусийлаштириш дастури қабул қилинди.

Ҳисоботда, 2020 йил якунларига кўра, пандемия туфайли тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари оқими ҳажми дунёда 40 фоизга, 2021 йилда эса яна 5-10 фоизга камайиши таъкидланган. Шу билан бирга, жорий йилда МДҲ мамлакатлари ва Жануби-шарқий Европа давлатлари учун 2019 йил 1,54 триллион долларни ташкил қилган инвестицияларнинг қарийб 38 фоизга камайиши башорат қилинмоқда. Бу сармоялар ҳажми 2005 йилдан бери илк бор 1 триллион доллардан пастга тушишини англатади.

?қтисодий ўтиш даври мамлакатларида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 59 фоизга ўсиб, 55 миллиард долларга етди. Бу Россия, Украинадаги инвестицияларнинг ўсиши ва Ўзбекистонда иқтисодиётни эркинлаштириш бўйича кўрилаётган кенг кўламли чоралар билан изоҳланади.

Эслатиб ўтамиз, ЮНКТАД ҳисоботи 1991 йилдан бери доимий эълон қилиб келинади. Унда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг долзарб масалалари, уларни ривожлантириш самарадорлиги, шунингдек, миллий иқтисодиётларнинг ўзгарувчан глобал инвестиция тенденцияларига мослашиш қобилияти акс эттирилади.

Online Maslahat

Ism

E-mail

Maslahat

Useful links

booked.net
booked.net